31 январь куни Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари ўртасида икки давлат фуқароларининг ID карталарини чегарадан ўтиш учун расмий ҳужжат сифатида тан олиш имконияти муҳокамаси бўйича онлайн учрашув ўтказилди, дея хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Томонлар бу ўзгаришни фуқаролар ҳаракатини соддалаштириш, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва миграция сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

ID карталардан фойдаланиш Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқароларига чет эл паспортини олмасдан туриб чегарани кесиб ўтиш имконини беради. Бу эса саёҳат қилиш қулайлигини оширади ва мамлакатлар ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлайди, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, мазкур қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий ва сайёҳлик алоқаларини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда, дейилади хабарда.

2024 йилнинг август ойида Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувида «битта тур — бутун минтақа» тамойили бўйича миллий ID карталарни ўзаро тан олиш ва оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш таклифини берганди.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари икки мамлакат чегарасини ID карта орқали кесиб ўтишлари мумкин.