Ўзбекистонда ҳар йили юзлаб аёллар оиладаги зўравонликдан азият чекмоқда. Уларнинг кўпчилиги учун бу шунчаки хўрлик ва оғриқ эмас, балки ҳаёт учун таҳдиддир.

Жиноят кодексининг 2023 йил апрель ойида кучга кирган маиший зўравонлик тўғрисидаги моддаси унинг қурбонларини ҳимоя қилиши ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида бурилиш нуқтаси бўлиши керак эди. «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг ўзи Сенат ҳузуридаги ишчи гуруҳнинг саъй-ҳаракатлари билан вужудга келди. Ушбу ишчи гуруҳдан фуқаролик жамияти фаоллари, шу жумладан, Ўзбекистондаги зўравонликка қарши кураш бўйича Nemolchi.uz лойиҳаси иштирокчилари ҳам ўрин олган эди.

Лойиҳа координатори Нигина Худайбергенова «Ўзбекистонда 2023 йилда оиладаги зўравонлик бўйича жиноий ишлар: тизимли муаммолар ва тавсиялар» деб номланган тадқиқотида судлар томонидан маиший зўравонлик тўғрисидаги модданинг қўлланилишини ўрганди. Фаол 139 Documentary Center галереясида бўлиб ўтган «НеУят» фестивали доирасида ушбу тадқиқот натижаларини тақдим этди. Ҳужжат бир неча ойлик изланишлар натижаси ҳисобланади: муаллифлар ушбу модда бўйича суд қарорларининг барча намуналарини биттама-битта ўрганиб чиқди.

«Оиладаги зўравонлик тўғрисидаги модданинг пайдо бўлиши олдинга ташланган катта қадам эди, бироқ орадан бир йил ўтиб, кўриб турибмизки, битта модданинг ўзи етарли эмас. Қонун ишлаши учун уни тўғри қўллаш керак», — дейди Нигина Худайбергенова.

Тадқиқот муаллифлари 2023 йил 11 апрелдан 31 декабргача бўлган даврда Олий суд базасида мавжуд бўлган 479 та ишдан 413 тасини ўрганган. Қолган ишлар маълумотлар йўқлиги ёки техник хатолар туфайли таҳлил қилиш учун яроқсиз бўлиб чиқди.

Ҳар 500 минг кишига тўғри келадиган жиноятлар сони.Ҳар 500 минг кишига тўғри келадиган жиноятлар сони.

Ушбу тадқиқотдаги ҳар бир рақам ортида ҳақиқий одамлар ва уларнинг ҳикоялари турибди. Уларнинг аксарияти оғриқ ва адолатсизлик тарихидир. Масалан, мана буниси.

Инсон саломатлигига ўртача оғирликда шикаст етказгани учун муқаддам судланган эркак хотинининг тикувчилик устахонасида унга ҳужум қилган. Эркак маст бўлган ва дарғазаб ҳолда хотинини уриб, қовурғасини синдирган, шунингдек, қайчи билан жароҳат етказган. Суд уни айбдор деб топган, бироқ икки йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилган. Жазо нега бунчалик енгил? Бунга эрнинг тавба-тазарруси ва эр-хотиннинг ярашуви тўғрисидаги ариза асос қилиб олинган.

Ушбу ҳолат учта асосий муаммони яққол кўрсатади: ярашувга юзаки ёндашиш, жазоларнинг енгиллиги ва жиноятни ўта оғирлаштирадиган ҳолатларни эътиборсиз қолдириш.

Ҳисоботда аниқланган асосий муаммолар

Бу муаммолар алоҳида ҳолатларгагина тааллуқли эмас. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бу кўп ҳолатларда такрорланадиган тизимли камчилик.

Ярашувга расмий ёндашиш

Ярашув ишларнинг тўхтатилишига энг кенг тарқалган сабаб бўлган — ҳолатларнинг 60 фоиздан ортиғи шундай якунланган. Бироқ кўпинча бу юзаки жараён бўлиб, суд ярашув ихтиёрий бўлган-бўлмаганини текширмайди. Масалан, бир ишда муқаддам зўравонликда айбланиб судланган эр хотинини уриб, унга оғир тан жароҳати етказган. Ҳукмга кўра, суд ярашувнинг ихтиёрий ёки йўқлигига комплекс баҳо бермай, аёл ярашувга ўзи рози бўлдими ёки тазйиқ остидами, деб сўрамай, ишни тўхтатган.

Ишларнинг умумий сони бўйича натижасиИшларнинг умумий сони бўйича натижаси

Оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишларда ярашув амалиётининг кенг тарқалганлиги жазоларни либераллаштириш тенденциясининг натижаси бўлиши мумкин, дейилади ҳисоботда. Ярашув судлар томонидан ишларни тугатиш учун бирламчи асос сифатида қабул қилинишига қарамай, ушбу жараён унинг сифати ва оқибатларини батафсил баҳолашни талаб қилишини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.

Масалан, кўриб чиқилган ҳукмларнинг аксариятида оилада зўравонлик мавжудлиги ёки унинг тизимли хусусиятга эга эканини тасдиқлаши мумкин бўлган гувоҳлар (қўшнилар ёки қариндошлар)нинг, кўпинча оиладаги низолар ҳақида маълумотга эга бўлган маҳаллий ҳокимият органлари ва профилактика инспекторларининг кўрсатмалари мавжуд эмас.

Бу эса оиладаги вазиятга комплекс баҳо берилмаётганидан далолат беради — судялар оилавий вазиятнинг жорий ҳолати ва низо сабаблари ҳақида маълумот сўрамаяпти. Бусиз ярашув вазиятни ҳал қилишнинг юзаки ва самарасиз воситасига айланади.

«Такрорий зўравонлик ҳолати юзага келганда, бундай эпизодлар воқеалар занжирининг давоми сифатида эмас, балки янги прецедент сифатида қаралади. Бу эса оиладаги зўравонликнинг тизимли хусусиятини етарли даражада ҳисобга олиш имкониятини камайтиради», — дейилади ҳисоботда.

Ярашув имконияти бўлган ҳолатда ишларнинг натижасиЯрашув имконияти бўлган ҳолатда ишларнинг натижаси

Ярашув қонунан мумкин бўлмаган ҳукмларда кўпинча жабрланувчи томоннинг айбланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилиб, суддан енгиллик беришни сўраганлиги кўрсатилади. Бу жабрланганларнинг манфаатларини чинакамига ҳимоя қилиш ва уларнинг ўз ихтиёрига кўра қарор қабул қилган-қилмаганлиги борасида саволларни келтириб чиқаради.

«Текшириш механизмларининг мавжуд эмаслиги айбланувчи ёки унинг атрофидагиларнинг босими остида, моддий ва бошқа турдаги қарамлик сабаб ёки [жамиятда] қораланишдан қўрқиб, ярашувга розилик бериш хавфини туғдиради», — дея хулоса қилади тадқиқот муаллифи.

Жазоларнинг юмшоқлиги

Ҳатто ярашув амалга ошмаган ҳолларда ҳам жазолар кўпинча минимал даражада бўлади. Масалан, маст ҳолида хотинига оғир тан жароҳати етказганлик учун эркакка фақат шартли жазо берилган. Ваҳоланки, қонунда бундай жиноятлар учун қаттиқроқ жазо чоралари назарда тутилган.

Жазо сифатида кўпинча ахлоқ тузатиш ишлари (166 та ишдан 55 тасида) ва озодликни чеклаш (51 та ишда) тайинланган.

Тайинланган жазо турлари ва уларнинг сони.Тайинланган жазо турлари ва уларнинг сони.

Шуниси диққатга сазоворки, озодликдан маҳрум қилиш жазоси, ҳатто баданга оғир шикаст етказилган ҳолатларда ҳам камдан-кам қўлланилган. Айбланувчиларнинг бир қисми модда санкциясида назарда тутилган жазоларга муқобил жазолар, шунингдек, содир этилган жиноятларнинг оғирлик даражасига мос келмайдиган шартли жазолар (синов муддати) олган.

Бу ҳам енгиллаштирувчи, ҳам оғирлаштирувчи ҳолатларни (алкогол ёки гиёҳванд моддалар таъсирида мастлик ҳолати, мунтазам зўравонлик ёки вояга етмаганлар иштирокида жиноят содир этиш) ҳисобга олиш ёндашувларини қайта кўриб чиқиш зарурлигидан далолат беради.

Ўзини ҳимоя қилишнинг нотўғри малакаланиши

Жабрланувчилар тажовузкорлардан ҳимояланган ҳолатларда, уларнинг ҳаракатлари кўпинча Жиноят кодексининг 107-моддаси бўйича ўзини ҳимоя қилиш эмас, балки 126−1-модда доирасида (маиший зўравонлик сифатида) малакаланиб, ҳукм чиқарилган. Масалан, аёл эрининг ҳужумидан ўзини ҳимоя қилиш мақсадида уни пичоқ билан яралаган. Суд уни, ўз ҳаётини ҳимоя қилганини ҳисобга олмай, уч йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилган.

«107-модданинг қўлланилиши зарурий ҳимояланиш ҳолатларини тан олишни назарда тутади, бироқ кўриб чиқилган ишларнинг бирортасида ҳам судьялар судланувчиларнинг ҳаракатларини унга мувофиқ қайта малакаламаган. Олий суд Пленумининг 1996 йилдаги 39-сонли қарори вазиятларни зарурий ҳимояланиш сифатида эътироф этиш, шунингдек, ишларни Жиноят кодекси 107-моддаси доирасида қайта малакалаш имконини беради. Бироқ бундай ҳуқуқни қўллаш амалиёти мавжуд эмас ёки жуда чекланган. Бу судьялар ва терговчилар ўзини ҳимоя қилиш ҳаракатлари тўғрисида етарли тушунчага эга эмаслигидан далолат», — дейилади ҳисоботда.

Ҳимоя қилинувчилар доирасининг торайиши

2023 йил ноябрига қадар қонун нафақат эр-хотинни, балки ота-оналар, ака-укалар ва опа-сингиллар каби оиланинг бошқа аъзоларини ҳам ҳимоя қилган ҳолда мослашувчанроқ тарзда қўлланилган. Бироқ Олий суднинг янги пленуми қарори ҳимоя қилинадиган шахслар доирасини фақат эр-хотин, собиқ эр-хотин ва умумий фарзанди бўлган шахслар билан чеклаб қўйди. Бу қарор оиладаги зўравонликка дуч келган кўплаб одамларни ҳимоясиз қолдиради.

Ҳисобот тавсиялари

Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун ҳисобот муаллифлари бир неча аниқ ечимларни таклиф қилган.

1. Ярашувларни комплекс баҳолаш. Ярашув текширилиши лозим. Суд унинг ихтиёрийлигини, жабрланувчига ҳеч қандай таҳдид бўлмаганини, можаро тўхтатилганлигини ва такрорий зўравонлик хавфи бор-йўқлигини ҳисобга олиши лозим.

2. Оғирлаштирувчи ҳолатлар учун қаттиқроқ жазолаш. Агар жиноят мастлик ҳолатида, қуролдан фойдаланган ҳолда ёки ўта шафқатсизлик билан содир этилган бўлса, бу жазони оғирлаштириш учун асос бўлиши лозим.

3. Жабрланувчиларни адвокатлар билан таъминлаш. Жабрланувчилар кўпинча ўз ҳуқуқларини билмайди. Уларга судда ўзларини ҳимоя қилишлари учун адвокатлар тақдим этилиши керак.

4. Ҳимоя қилинувчилар доирасини кенгайтириш. Қонун нафақат эр-хотинларни, балки оиладаги зўравонликка дуч келган барча шахсларни қамраб олиши зарур.

5. Тажовузкорлар учун дастурлар яратиш. Зўравонлик содир этганлар учун мажбурий дастурлар такрорий жиноятлар хавфини камайтиришга ёрдам беради.

6. Судьялар ва терговчиларни ўқитиш. Судьялар ва терговчилар оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар билан қандай ишлаш ҳақида кўпроқ билимга эга бўлишлари лозим. Бундай ҳолатларда ўзини ҳимоя қилиш ҳолатларини малакалашга тизимли ёндашувни ишлаб чиқиш зарур.

Бундан кейин нима бўлади?

Маиший зўравонлик — бу хусусий иш эмас. Бу жамиятдаги ҳар бир кишига дахлдор муаммо ва уни фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ҳал қилиш мумкин.

Ушбу ҳисобот шуни кўрсатадики, оиладаги зўравонлик учун жиноий жазо мавжуд бўлса ҳам, бартараф этилиши лозим бўлган кўплаб бўшлиқлар бор. Бундай мустақил тадқиқотлар нафақат муаммоларни таҳлил қилиш, балки уларни ҳал қилиш йўлларини топишда ҳам аҳамиятлидир. Уларни давлат ва халқаро ташкилотлар қўллаб-қувватлаши жуда муҳим.

Ҳисоботнинг тўлиқ версияси лойиҳа веб-сайтида мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» Тошкент давлат юридик университети ҳуқуқшуносларининг маиший зўравонлик бўйича суд амалиёти шарҳини ҳам эълон қилган эди. Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, судлар маиший зўравонлик моддасидан баъзи ҳолларда жабрланувчиларни жазолаш, шунингдек, уларни ярашувга мажбурлаш учун ҳам фойдаланмоқда.

Тадқиқотнинг хулосаларидан бири шуки, маиший зўравонлик тўғрисидаги маъмурий ишларни кўришда судлар маиший зўравонлик ҳолатларида ярашув муносабати билан жазодан озод қилиш имконсизлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддаси (ҳуқуқбузарликнинг аҳамиятсизлиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш) орқали ушбу муаммони айланиб ўтяпти.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК)да ушбу моддага ярашув ва реституция институтини (жабрланувчининг йўқотишлари ёки унга етказилган зарар учун товон тўлаш) қўллаш имконияти йўқ. МЖтКнинг 21−2-моддаси (ярашув муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод этиш)га кўра, агар ҳуқуқбузар айбини тан олса, жабрланувчи билан ярашса ва унга етказилган зарарни бартараф этса, у маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

«Зарарни қоплаш шарти билан ярашув қўлланилиши мумкин бўлган моддалар орасида оилавий зўравонлик тўғрисидаги модданинг йўқлиги ҳам судлар, ҳам жабрланувчилар учун қийинчиликлар туғдиради. Жабрланувчи аёллар ўз ҳуқуқларини тиклаш ва ярашув институти орқали зарарни қоплашни талаб қилиш имкониятидан фойдалана олмайди. Агар томонлар ҳеч қандай реституциясиз оғзаки келишиб, бир-бирига даъволари бўлмаса, судлар ишларни аҳамиятсизлик қоидасига кўра тугатади», — дейилган тадқиқотда.

2024 йил октябрь ойида Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексига маиший зўравонлик ишлари бўйича ярашув тўғрисидаги аризани фақат суд муҳокамаси босқичида бериш мумкинлигини белгиловчи ўзгартиришлар киритилганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Тергов босқичида бундай ариза бериш имконияти бекор қилинди.