2022 йил февраль ойида Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Марказий Осиё давлатларининг 30 га яқин фуқароси Украина ҳарбийлари томонидан асирга олинган. Бу ҳақда Озодлик радиосининг «Новости Приазовя» лойиҳаси сўровига жавобан Украина адлия вазири Ольга Стефанишина маълум қилди. Уларнинг жорий мақомига аниқлик киритилмаган.

«Ҳарбий асирларнинг фуқаролиги тўғрисидаги маълумотлар кўпинча уларнинг сўзларидан аниқланади, чунки буни тасдиқловчи ҳужжатлар аксарият ҳолларда мавжуд бўлмайди», — дейилади вазирнинг жавобида.

Вазирликнинг таъкидлашича, «участка ва лагерларида сақланаётган ҳарбий асирлар, фуқаролигидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқий мақомга эга бўлиб, бу халқаро ва миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган».

«Ҳарбий асирнинг фуқаролиги, шу жумладан, икки фуқаролик, унинг ҳуқуқий мақомига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди», — дея қўшимча қилди вазирлик.

  • 2023 йил июнь ойида BBC рус хизмати Россия қамоқхоналаридан Украинадаги урушга тушиб қолган меҳнат муҳожирларига бағишланган терговни эълон қилганди. Унда айтилишича, Россия томонидан урушда Марказий Осиё мамлакатларининг камида 93 фуқароси ҳалок бўлган: Қирғизистондан 19 нафар, Ўзбекистондан 34 нафар ва Тожикистондан 40 нафар.
  • 2024 йил июнь ойида Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Россия Украинадаги урушга Россия фуқаролигини олган 30 мингдан ортиқ одамни «овлаб», ҳарбий рўйхатга киритгани ва уларнинг 10 мингга яқинини урушга жўнатганини маълум қилганди.
  • 2024 йил декабрь ойида Андижон суди Россия томонида Украинага қарши курашган Ўзбекистон фуқаросини 4 йил 2 ойга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилган. Судланувчи ҳарбий ҳаракатлар давомида 10 дан ортиқ украиналик аскарни ўлдирганини айтган. Айбни бўйнига олиб келгани учун ҳукм енгиллаштирилган.