Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раис этиб сайланди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Бунгача федерацияга 2012 йилдан буён собиқ қурилиш вазири Ботир Зокиров раислик қилиб келган.

Шерзод Ҳидоятов 1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. Олий хўжалик судида 11 йил давомида консультант бўлган. Ундан сўнг 9 йил Artel Engineering, Durabel Beton ва бошқа компанияларда турли лавозимларда ишлаган.

2021 йилда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири бўлган. 2022 йилнинг охиридаги маъмурий ислоҳот давомида Қурилиш ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари бирлаштирилган. Ўшанда Ҳидоятов Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, 2024 йилнинг августида эса вазирлик раҳбари этиб тайинланган.