30 январь куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши вафот этди, дея хабар бермоқда вилоят ЙҲХБ.
Қайд этилишича, рейд тадбири давомида 24 ёшли фуқаро М.Ғ. амакисига тегишли BYD Song EV автомобилини тегишли ҳужжатларсиз бошқаргани аниқланиб унга маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Сўнгра ЙПХ инспектори Р.Қ. машинани жарима майдончасига олиб кетаётганида 17 ёшли Х.Н. устозига тегишли Damas автомобилини ҳайдовчилик гувоҳномасиз бошқариб, Қапчуғай маҳалласида иккинчи даражали йўлдан асосий йўлга чиқиб кетиши сабабли BYD билан тўқнашган.
Устози боланинг ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлигини била туриб автомобилни унга берган, дейилади хабарда. ЙТҲ оқибатида у тан жароҳати олиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.