Бахтиёр Ибрагимов Ўзбекистоннинг Албаниядаги биринчи элчиси (қароргоҳи Венада) этиб тайинланди. У Албания президенти Байрам Бегайга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар қилмоқда Dunyo ахборот агентлиги.

Президент қароргоҳида бўлиб ўтган тантанали маросимдан сўнг ўтказилган мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Албания ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий, маданий ва туризм соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Албания раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистонда президент бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини юқори баҳолади, дейилади хабарда.

Учрашувда ҳар икки томон муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканини тасдиқлади.

Бахтиёр Ибрагимов 58 ёшда. Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тамомлаган.

1992 йилдан бери ТИВ тизимида ишлайди. Вазирлик марказий аппаратида, шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШ ва Жанубий Кореядаги элчихоналарида турли лавозимларда ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, элчи Бахтиёр Ибрагимов 2023 йил ноябрь ойидан бери мамлакатнинг Австриядаги элчиси ҳам ҳисобланади. Бу лавозимга тайинлангунга қадар у Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили (2017−2023) лавозимида ишлаган.

Шунингдек, у 2023 йилда бош қароргоҳи Вена шаҳрида жойлашган ЕХҲТ, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Ядро синовларини кенг қамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилоти, ХАЭА каби халқаро ташкилотлардаги Ўзбекистон расмий вакили сифатида ҳам аккредитация қилинган.