Анқара шаҳрида 29 январь куни Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ташқи ишлар, иқтисодиёт, савдо ва транспорт вазирларининг иккинчи уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Унда Ўзбекистон номидан вазирлар Бахтиёр Саидов, Лазиз Кудратов ва Илҳом Маҳкамов иштирок этди.

Учрашувда ташқи сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик, савдо-иқтисодий ва инвеститсиявий соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, транспорт тармоқларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида учрашувнинг якуний ҳужжати бўлган Анқара декларацияси қабул қилинди ва имзоланди.

Анқара декларацияси нима ҳақида?

Декларацияда давлатлар бир-бирининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларининг бузилмаслигини қатъий қўллаб-қувватлашини тасдиқлайди, деб хабар берди Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги.

Ҳужжатда савдо, инвестициялар, саноат, энергетика, транспорт ва логистика, рақамлаштириш ва алоқа соҳаларида қўшма лойиҳаларнинг аҳамияти ортиб бораётгани эътироф этилган.

Уч мамлакат чегараларидан ўтувчи Ўрта коридорнинг аҳамияти таъкидланиб, ушбу коридорнинг Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистон транзит салоҳиятини оширишда тутган ўрни қайд этилди.

Европа — Кавказ — Осиё транспорт коридори

Декларацияда «Европа — Кавказ — Осиё» (ТРАСЕКА) транспорт коридорини мустаҳкамлаш, унинг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш йўлларини кўриб чиқиш ҳамда механизмларнинг тўлиқ самарадорлигини таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган.

Баёнотда таъкидланишича, уч мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг мавжуд уч томонлама шакли умумий мақсадларни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган.

Суверенитетга таҳдидларга қарши кураш

Декларацияда умумий минтақавий ва халқаро манфаат ва устуворликларни ифода этувчи масалалар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга интилиш қатъий экани таъкидланди.

Давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказишга қаратилган ҳар қандай уринишларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш қўллаб-қувватланиши қайд этилди.

Алоқани ривожлантириш бўйича лойиҳаларни илгари суришни қўллаб-қувватлаш

Декларацияда иқтисодиёт, савдо, инвестициялар ва транзит ташувлари соҳасидаги ҳамкорликнинг бутун салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга қатъийлик билдирилди.

Ўрта коридорнинг ўтказувчанлик қобилиятини оширишга урғу

Баёнотда бошқа минтақавий транспорт ташаббуслари билан боғлиқликни таъминлаш учун транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, рақамлаштиришга кўмаклашиш ва Ўрта коридор бўйлаб савдо оқимини осонлаштириш бўйича умумий ирода таъкидланди.

Ўрта коридорнинг ўтказиш қобилияти ва рақобатбардошлигини ошириш учун янги инфратузилма лойиҳаларини, айниқса, транспорт, чегара ўтиш жойлари ва божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш каби йўналишларда ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Шу мақсадда Боку халқаро денгиз савдо порти ва Боку-Тбилиси-Карс темирйўли каби лойиҳаларни илгари суриш тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.

Баёнотда таъкидланишича, логистика марказлари, ташувчилар ва станциялар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида 2024 йил июнь ойида ташкил этилган Логистика марказлари ва юк ташувчилар уюшмаси транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, давлат ва хусусий тузилмалар билан ҳамкорликда инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, тез, мунтазам ва арзон ташиш бўйича ечимларни топишга ёрдам беради.

Туркий давлатлар ва хусусий транспорт секторининг транспорт салоҳиятини ривожлантириш мақсадида 2024 йил март ойида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) транспорт ассоциациялари раҳбарларининг учрашуви механизми яратилган.

озарбайжон, туркия

Баёнотда Ҳаракатлар режаси қабул қилингани мамнуният билан қайд этилиб, у транспорт соҳасидаги ҳамкорликни яхшилаш, минтақавий алоқалар ва барқарор транспорт тизимларини мустаҳкамлашга қаратилгани таъкидланган.

Томонлар БМТ Европа иқтисодий комиссиясида Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари ўртасидаги транспорт ҳужжатларини рақамлаштириш учун eCMR тизимини жорий этиш бўйича бошланган ишларни қайд этди.

Шунингдек, Туркия ва Озарбайжон ҳамда Туркия ва Ўзбекистон ўртасида синов тариқасида электрон рухсат бериш тизими жорий этилгани олқишланди.

Томонлар Ўзбекистон юкларини Ўрта коридор орқали ташишни енгиллаштириш учун зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирди.

Минтақавий транспорт, коммуникация ва инфратузилмани ривожлантириш, темир ва автомобиль йўлларини, логистика марказлари ва аэропортларни лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш соҳасида тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Қорабоғ ва Шарқий Зангезурга инвестициялар

Томонлар Озарбайжоннинг Қорабоғ ва Шарқий Зангезур минтақасидаги инфратузилма, ижтимоий хизматлар ва «ақлли шаҳар» ечимларига сармоя киритиш орқали қайта қуриш ва тиклаш, жумладан, миналардан тозалаш борасидаги саъй-ҳаракатларига қўшган ҳиссаси муҳимлигини тасдиқлади ва ушбу минтақалардаги инвестиция лойиҳаларидан манфаатдор эканликларини билдирди.

ТДТ доирасидаги битимлар

Томонлар ташкилот доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамловчи ҳуқуқий инфратузилмани ривожлантириш мақсадида ТДТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида соддалаштирилган божхона коридорини яратиш тўғрисидаги битим, ТДТ савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича стратегик ҳужжат ва ТДТ мамлакатлари ҳукуматлари ўртасида рақамли иқтисодиёт соҳасида шериклик тўғрисидаги битим имзоланганидан мамнунлигини билдирди.

Учрашув иштирокчилари 2024 йилда ТДТ томонидан таъсис этилган Туркия инвестиция фондининг тўлақонли фаолият юритиши саноат ишлаб чиқариши, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва туризм каби ўзаро манфаатли соҳаларда савдо, инфратузилма ва ривожланиш лойиҳаларини сезиларли даражада фаоллаштиришга имкон беришига ишонч билдирди.

Иқтисодий, савдо ва сармоявий алоқаларни ривожлантириш

Декларацияда қурилиш, харидлар ва турдош масалалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатъий чоралар кўриш, шунингдек, савдо, саноат ва иқтисодий алоқалар муҳимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, декларацияда хусусий секторлар ўртасида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш, ишбилармонлар, савдо-саноат палаталари, бизнес-ассоциациялар ўртасидаги тўғридан тўғри алоқаларни кенгайтириш, импорт ва экспорт учун янада кенг имкониятларни ўрганишга тайёрлик билдирилди.

Декларацияда таъминот занжири иштирокчилари ва бизнес вакиллари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги, янада кенг қамровли ҳамкорлик доирасида идоралараро мувофиқлаштиришни яхшилаш ва ташқи савдо операцияларини осонлаштириш муҳимлиги таъкидланган.

Шунингдек, ТДТнинг савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича стратегик ҳужжатига мувофиқ савдони жадаллаштириш чораларини кўриш муҳимлиги таъкидланди, ТДТнинг Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш қўмитасининг 2025 йилга мўлжалланган ҳаракатлар режаси маъқулланди.

Саноат, қишлоқ хўжалиги, инновациялар ва рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик

Декларацияда озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва тегишли тадқиқот ва ишланмалар соҳасида техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги, шунингдек, қишлоқ хўжалигида барқарор ва ҳаётий қўшилган қиймат занжирларини яратиш зарурлиги таъкидланган.

озарбайжон, туркия

Минтақавий энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун қайта тикланадиган энергия манбаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ушбу соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилишга қатъийлик билдирилди.

Трансафғон темирйўли лойиҳасининг аҳамияти

Томонлар Афғонистоннинг мустаҳкам тинчлиги ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёти Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили эканига келишиб олди.

Декларацияда минтақалараро транспорт ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлайдиган, савдо оқимини кўпайтирадиган ва минтақалар ўртасидаги иқтисодий алоқалар учун янги имкониятлар яратадиган Трансафғон темирйўли лойиҳасининг аҳамияти қайд этилган.

Исроил-Фаластин можаросини икки давлат асосида ҳал этишга даъват

Баёнот Ғазода ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги эълонни олқишлайди, барча томонларни барча ҳужумларга чек қўйиш ва фаластинликларнинг гуманитар ёрдамдан тўсқинликсиз фойдаланишини таъминлаш учун унга қатъий риоя қилишга чақиради, шунингдек, Исроил-Фаластин можаросини икки давлат тўғрисидаги қарор асосида адолатли ва мустаҳкам ҳал қилишга, шу жумладан, 1967 йил пойтахти Шарқий Қуддус чегараларида мустақил, суверен ва географик жиҳатдан интеграциялашган Фаластин давлатини ташкил этишга чақиради.