Тошкент вилояти Янгийўл туманида заправкада 1 февраль куни автобус портлади. Бу ҳақда вилоят ФВБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, шанба куни соат 08:40 да туманнинг Навбаҳор кўчасидаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларнинг бирида Isuzu русумли автобус газ баллонида чақнаш содир бўлган.

Газ балонидаги газ тўлдириш учун мўлжалланган қисмига уланган махсус метал мослама чиқиб кетиши оқибатида газ юқори босим билан ҳавога чиқиб кетган, дейилади расмий муносабатда.

Таъкидланишича, содир бўлган ҳолат оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. ФВБ ҳайдовчилардан заправкаларда белгиланган қоидаларга амал қилишни сўраган.