️Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тугатилиб, унинг вазифа ва функциялари бошқа ташкилотларга ўтказилади. Бу президентнинг яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган, деб хабар берди Адлия вазирлиги.
Фармонга кўра, қўмитасининг яйловларни бошқаришга оид вазифа ва функциялари Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига ўтказилади, пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасини ривожлантириш — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда «Ўзбекипаксаноат» уюшмасига.
Бундан ташқари, энди Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази Ветеринария қўмитаси тизимида бўлади.
Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ва Ўзбекистон табиий толалар илмий-тадқиқот институти эса Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфига ўтказилади.
Фармон билан, шунингдек, қуйидагилар ташкил этилади:
- ️Ветеринария қўмитаси муассислигида Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё яйлов хўжаликлари (ҳудудий яйлов хўжаликлари);
- ️Ветеринария қўмитаси марказий аппарати тузилмасида Яйлов хўжалигини ривожлантириш бошқармаси;
- ️Яйлов ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва уларни муҳофаза қилиш, қоракўлчилик, тери ва жун саноати соҳаларини янада ривожлантириш бўйича республика комиссияси.
Ҳудудий яйлов хўжаликлари яйлов ерларини бошқариш ва улардан фойдаланиш, ўзларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган яйловларни ижарага бериш соҳасида ўрмон хўжаликлари учун белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлардан фойдаланади.
️Ҳужжатга кўра, яйловлар чорвачилик ва бошқа хўжаликларга республика комиссиясининг қарорига асосан тўғридан-тўғри ижарага берилиши мумкин. Яйловлар 49 йилгача ижарага берилиши белгиланган.
Шу билан бирга, 2025 йил 1 декабргача яйловлардан самарали фойдаланишни назарда тутувчи E-yaylov электрон платформаси ишга туширилади.