Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда жами 111 килограмм наркотик модда мусодара қилинди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати.
Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент туманидан айланма йўллар орқали 10 кг 894 гр опий моддасини Ургут тумани ҳудудига олиб келган Тожикистон фуқаролари — 1980, 1982, 1989 йилларда туғилган 3 нафар ака-ука қўлга олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериги бўлган, Ургут туманида яшовчи 1982 й.т. аёл ҳам ушланди. Унинг яшаш хонадонида сақланаётган 13 кг 85 гр опий процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Бошқа ҳолатда ўзбек-тожик давлат чегарасининг Тошкент вилояти Бекобод тумани Турон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмида тезкор қидирув тадбирлари олиб борилган. Жараён давомида Тожикистоннинг Сўғд вилояти Мастчох туманидан Бекобод туманига оқиб ўтувчи Далварзин канали орқали оқизиб юборилган 3 дона елим идишда жами 8 кг 381 гр опий ва 59 кг 296 гр гашиш борлиги аниқланди.
Ушбу гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олиш мақсадида чегара ҳудудига келган вақтида Бекобод шаҳри ва туманида истиқомат қилувчи 1985, 1989, 1996 ва 1997 йилларда туғилган 4 нафар фуқаро қўлга олинди. Улардан 2 нафари муқаддам судланган.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда контрабанда қилиш) ва 273-моддаси 5-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Бекобод туманида қайд этилган яна бир ҳолатда ўзбек-тожик давлат чегарасидан тахминан 400−500 метр узоқликдаги дала майдонида муқаддам номаълум шахслар томонидан қолдириб кетилган 1 дона спорт сумкаси ичида 3 кг 942 гр опий ва 15 кг 473 гр гашиш моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гиёҳвандлик воситаларини қолдириб кетган шахсларни аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.