Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва учинчи томонларнинг божхона транзити ягона тизимига қўшилиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда 31 январь куни Олмаотада бўлиб ўтган Евросиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида бош вазир Абдулла Арипов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу имконият мамлакатлар ўртасида юк ташиш тартиб-қоидаларини оптималлаштириш ва соддалаштириш учун кўриб чиқилмоқда.

Абдулла Арипов Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги савдода тариф ва нотариф чекловларини ўзаро асосда қўлламаслик тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқишни бошлашни таклиф қилди.

Фото: gov.uz.Фото: gov.uz.

Ҳукумат раҳбари, шунингдек, Тошкент ЕОИИ доирасида бошланган саноат тармоқларидаги кооперация лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмига қўшилиш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини ҳам маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон иттифоқ билан рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорлик қилишни мақсад қилган.

«Ягона рақамли маконни шакллантириш мақсадида биз Ўзбекистонни ЕОИИ интеграциялашган ахборот тизими ва Digital Union иттифоқининг рақамли лойиҳасига улаш бўйича ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқишга тайёрмиз», — деди у.

Арипов қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига инновацион усулларни жорий этиш, селекция ва ақлли қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий ишларни кучайтириш, шунингдек, барқарор озиқ-овқат таъминотини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Евросиё иқтисодий иттифоқи ва учинчи томонлар ўртасида божхона транзити ягона тизими тўғрисидаги битим 2023 йил ноябрида тасдиқланган ва 2024 йил 26 декабрда имзоланган. Шартноманинг асосий мақсади юкларни «узлуксиз» ташиш, яъни иштирокчилар ўртасида энг қулай ва самарали логистикани таъминлашдан иборат.

Бунга электрон ҳужжат кўринишидаги ягона транзит декларациясидан фойдаланиш, божхона божлари, солиқлар, махсус, антидемпинг ва компенсация божларини тўлаш мажбуриятини бажариш бўйича ягона кафолатдан фойдаланиш ва ЕОИИ мамлакатлари ваколатли иқтисодий операторлари ва учинчи шахсларга берилган индивидуал махсус соддалаштиришлардан фойдаланиш орқали эришиш режалаштирилган.