«Инсониятнинг энг катта муаммоси сайёрамизни вайрон қилмасдан, ўта қашшоқликни йўқ қилишдир. Бизнинг тараққиётимиз XXI асрда инсоният тақдирини белгилайди».
Ҳорст Кёлер, Германиянинг тўққизинчи президенти.
Германиянинг собиқ федерал президенти Ҳорст Кёлер 81 ёшида вафот этди. У эрта тонгда оиласи қуршовида, қисқа, аммо оғир хасталикдан сўнг вафот этди, деб хабар берди 1 февраль, шанба куни Берлиндаги федерал президент идораси.
У биринчи марта 2004 йилда Германия президенти этиб сайланган ва 2010 йилгача бу лавозимни эгаллаб, тўсатдан истеъфога чиққан. Унинг асосий ички сиёсат масалаларидан бири Германияда барқарор иш ўринларини яратиш ва таъминлаш эди.
Германия раҳбари лавозимида ишлашдан олдин у Халқаро валюта жамғармасини бошқарган (2000 йилдан). 2017 йилда БМТ бош котибининг Ғарбий Саҳрои Кабир атрофидаги можарони ҳал қилиш бўйича шахсий вакили этиб тайинланган. 2019 йилда Кёлер соғлиғи туфайли бу лавозимни тарк этганди.
Президент сифатида Кёлер ҳукуматга қарши чиқишдан қўрқмади, 2005 йилда янги сайловлар ўтказиш учун парламентни тарқатиб юборди ва 2007 йилда ўша пайтдаги канцлер Ангела Меркелни мамлакатни глобаллашувга етарлича тайёрламаганликда айблади, деб унинг фаолиятига назар ташлади Reuters.
Нашр, шунингдек, уни «Африкага алоҳида қизиқиш билдирган» дея таърифлади.
«У ҳеч қачон Африка қитъасининг глобал тараққиёт учун аҳамияти ва салоҳиятини таъкидлашдан чарчамаган. У Африка билан ишлаш нафақат оқилона ва истиқболли, балки ахлоқий жиҳатдан ҳам зарур эканини ҳис қилган: „Мен учун дунёмизнинг инсонийлиги Африканинг тақдири билан белгиланади“, деган Ҳорст ўз лавозимига киришганида», — деб эслайди президент идораси.
Германия канцлери Олаф Шольцнинг сўзларига кўра, Ҳорст Кёлер вафот этаркан, Германия бутун ҳаёти давомида адолатлироқ дунё учун курашган ёрқин, содиқ сиёсатчини йўқотди.
«Айнан унинг мамлакатимиз қудратига, халқнинг ғайрати ва ижодига бўлган ишончи кўплаб юракларни забт этишга имкон берди», — деди Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер шанба куни ўз баёнотида.
2010 йилги истеъфо
2010 йил 31 майдаги баёнотида Ҳорст Кёлер истеъфога чиқишининг сабабини давлат раҳбари институтига ҳурматсизлик деб кўрсатган. Унинг фикрича, бу ҳурматсизлик Германия мухолифатдаги сиёсий партиялар томонидан Кёлернинг Афғонистондаги бундесвер миссияси ҳақидаги мунозарали баёнотларидан сўнг намоён бўлган, деб ёзади Deutsche Welle.
2010 йил 22 май куни Deutschlandfunk радиостанциясига берган интервьюсида Ҳорст шундай деганди: «Жуда бўлмаганда, бизнинг манфаатларимизни, масалан, савдо йўлларини ҳарбий йўл билан ҳимоя қилиш керак». Мухолифатдаги партиялар бу иборани тўғридан-тўғри немис аскарларининг Афғонистондаги иштироки билан боғлаган, чунки интервьюда асосан шу ҳақда гап борган.
28 май куни Сўл партия, «яшиллар» ва социал-демократлар (СДП) вакиллари Кёлерни қаттиқ танқид қилган ва Германия президенти ҳақиқатан ҳам Афғонистонда уруш олиб боришни мамлакатнинг иқтисодий манфаатлари билан оқлаганми ёки йўқлигини аниқлаштиришни талаб қилган.
Сўл партия сиёсатчилари Кёлерни миллатга мурожаат қилишда ўз позициясини тушунтиришга чақирган. «Яшиллар» у ўз сўзларидан воз кечишини талаб қилган, СДП вакиллари эса президентнинг бундесвернинг Афғонистондаги миссияси ҳақидаги баёнотлари «хато ва чалғитувчи» эканини айтган.