Uzbekistan Airways авиакомпанияси бошқаруви раиси Шуҳрат Худойқулов 28 январь куни компаниянинг 33 йиллигига бағишланган матбуот анжуманида журналистларнинг Тошкентда авиация музейини ташкил этиш ғояси қанчалик ҳақиқатга яқин экани ҳақидаги саволларига жавоб берди.
«Бу ҳақиқат, уни қилиш мумкин. Бу борада ҳеч қандай тўсиқ кўрмаяпман. Uzbekistan Airways ушбу музейни 50 фоиз бўлмаса ҳам, 30−40 фоизга тўлдириши мумкин. Бизда жуда кўп нарсалар бор», — дея таъкидлади у.
Компания раҳбари Ўзбекистон авиацияси бой тарихга эга экани ҳақида гапираркан, республикада самолётлар ишлаб чиқарилгани, кўплаб учувчилар тайёрлангани ва архивларда жуда кўп маълумотлар сақланишини қайд этди. Ўтган йили Ўзбекистон фуқаро авиациясининг ва Uzbekistan Airways Technics авиатаъмирлаш заводининг 100 йиллиги нишонланди.
«Лойиҳа жойида тўхтаб қолмаган, муҳокама қилинмоқда. У Транспорт вазирлиги томонидан назорат қилинади, шунингдек, Uzbekistan Airways ва унинг таркибий бўлинмалари, Мудофаа вазирлиги ҳамда Транспорт институти ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этади. Жойлаштириш масаласини ҳам ҳал қилиш керак бўлади», — дея қўшимча қилди у.
«Тўлақонли музей бўлишини истаймиз…Бу маълум харажат ва ҳаракатларни талаб қилади, албатта, босқичма-босқич иш олиб боряпмиз. Умид қиламанки, шу йил бу масалани ҳал қиламиз», — деди авиакомпания раҳбари.
Аввалроқ «Газета.uz» авиация ишқибози Аброр Сатимовнинг Тошкентда авиация музейини очиш бўйича таклифини бир неча бор эълон қилганди: 2023 йилнинг июлида, 2024 йилнинг июнида ва 2024 йилнинг октябрида. Мақолада Ўзбекистон пойтахти ва вилоятларида кўплаб самолётлар ва бошқа авиация техникалари, жумладан, уларнинг ноёб намуналари ёмон ҳолатда сақланаётгани айтилган.
2022 йилнинг январь ойида ҳукумат аэропортларда авиаспоттингга расман рухсат берди. Қарорда Миллий авиация музейини ташкил этиш бўйича таклиф тайёрлаш ҳам топширилган. Лойиҳанинг ҳолати ҳақида ҳозирча хабар берилмаган.