Январь ойида Ўзбекистон Марказий банки томонидан эълон қилиб бориладиган бир АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси 0,28 фоизга ёки деярли 36,53 сўмга — 12 920,48 сўмдан 12 957,01 сўмгача ошди. «Газета.uz» бу бўйича Марказий банк маълумотларини ўрганди.
Ой давомида доллар курси миллий валютага нисбатан мустаҳкамланиб, 23 январда илк бор 12 990 сўмга етди. Бироқ ойнинг сўнгги ҳафтасида сўм курси пасайишдан тўхтади ва қисман тикланди.
Ўтган ойда Тошкент валюта биржасидаги савдолар ҳажми ўтган йилнинг январига нисбатан атиги 0,4 фоизга — 3,35 млрд доллардан 3,36 млрд долларгача ошди.
Агар декабрь ойи охирида банклар долларни 12 840 — 12 870 сўм оралиғида сотиб олиб, аҳолига 12 920 — 12 980 сўмдан сотган бўлса, январь ойи охирида харид курси 12 895 — 12 930 сўмни, сотиш курси эса 12 960 — 13 020 сўмни ташкил қилган.
Эслатиб ўтамиз, тўртинчи чоракда (октябрь-декабрь) Марказий банк маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан олтин харид қилиш харажатларини 1,3 фоизга ошириб, 29,9 трлн сўмга етказди. Валюта интервенцияларининг соф ҳажми 3,5 бараварга — 6,9 дан 24,5 трлн сўмгача ошди.
Марказий банк «интервенциялар ҳажмининг нисбатан қисқариши» мавсумий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. IV чоракда чет эл валютаси оқимининг ортиши унинг валюта бозорида етарли даражада таклиф этилишини таъминлади.
Таққослаш учун, 2024 йил январь ойида АҚШ валютасининг сўмга нисбатан курси 0,74 фоизга (+91,28 сўм) кўтарилганди.
2024 йил якунига кўра, Марказий банк курси бўйича долларнинг сўмга нисбатан қиймати деярли 582 сўмга (+4,71 фоиз) мустаҳкамланди. Миллий валютанинг девалвация суръати 2023 йилга нисбатан пастроқ бўлди. Долларнинг ўртача йиллик курси прогноз қилинганидан бироз юқорироқ шаклланди.