АҚШнинг активларни бошқариш йўналишида фаолият юритувчи Franklin Templeton компанияси Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси активларини бошқаради. Компаниянинг Ўзбекистондаги Franklin Templeton Asset Management МЧЖ хусусий корхонаси ва жамғарма ўртасида ишончли бошқарув шартномаси имзоланди, дея хабар берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.
Компания жамғармага ўтиши кутилаётган 18 та давлат кохонаси ва банки акцияларидан иборат инвестицион портфелни бошқариб, уларнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган трансформация дастурларини амалга оширади. Трансформация дастурлари амалга оширилгандан кейин жамғарма ҳамда унинг бошқарувидаги корхоналар ва банклар акциялари маҳаллий ва халқаро фонд биржаларига олиб чиқилади.
Бунинг учун Franklin Templeton жамғармага тегишли давлат корхоналари ва тижорат банклари стратегияларини қайта кўриб чиқиб, уларда корпоратив бошқарув тизими, молиявий самарадорлик, ички аудит ва рискларни бошқариш тизимини жаҳон стандартларига мослаштиради, ходимлар малакасини оширишга қаратилган трансформация дастурларини амалга оширади.
Вазирлик бу шартнома Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва халқаро инвесторларни жалб этиш мақсадида амалга оширилаётганини таъкидлаган.
Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси
Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси президентнинг 2024 йил 27 августдаги қарорига асосан 2024 йилнинг 24 декабрида рўйхатдан ўтказилган. Унга капитали давлатга тегишли 18 та корхона ва тижорат банкларининг 20 фоиздан 40 фоизгача бўлган акция пакетлари ўтказилиши эвазига шакллантирилиши кутилмоқда. Жамғарманинг ягона таъсисчиси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисобланади.
Қуйидаги корхоналар улушларини жамғарма устав капиталини шакллантириш учун ўтказиш белгиланган:
Franklin Templeton
Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган Franklin Templeton Asset Management масъулияти чекланган жамияти хусусий корхонаси Сингапурдаги Franklin Templeton Capital Holdings Private Limited компанияси томонидан ташкил этилган. Бу компания эса дунёдаги энг йирик профессионал активларни бошқарувчи компанияларидан бири бўлган, АҚШда 1947 йилда ташкил топган ва бугунги кунда 30 тадан ортиқ мамлакатда фаолият юритаётган Franklin Templeton Investments, Inc.`нинг шўба корхонаси ҳисобланади.
«Дунё миқёсида тан олинган Franklin Templeton каби компаниянинг Ўзбекистонда фаолият юритиши — хорижий инвесторларнинг мамлакатимизга қизиқишини ошириб, инвестицияларнинг кўпайишига хизмат қилади», — дея қайд этган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 25 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Franklin Templeton компанияси бош инвестиция директори Манраж Секхонни қабул қилиб, Ўзбекистон Миллий инвестиция фондини ривожлантириш, стратегик давлат корхоналарини трансформация қилиш ва уларнинг акцияларини фонд бозорларига жойлаштириш масалаларини муҳокама қилганди.