UzGasTrade содир бўлган аварияни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар муносабати билан магистрал газ қувурларида босим пасайганини маълум қилди. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» компанияси хабар берди.
«Шу муносабат билан биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш устувор вазифа эканлигини инобатга олган ҳолда 3 февраль куни айрим улгуржи истеъмолчиларга чекловлар киритилди», — дейилади хабарда.
Компания маълумотларига кўра, ҳозирда фавқулодда вазият бартараф этилган ва газ таъминоти босқичма-босқич тикланмоқда.
Улгуржи истеъмолчиларга йирик корхоналар (Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, Uzbekistan GTL, «Ўзбекистон металлургия комбинати», цемент заводлари, ёқилғи қуйиш шохобчалари ва бошқа корхоналар) киради. Хабарда газ таъминотидан узилган корхоналар сони ва уларнинг номлари ҳақида маълумот берилмаган.
UzGasTrade 2022 йил июнь ойида газ экспорти ва импорти, табиий газни марказлаштирилган тартибда харид қилиш ва сотиш бўйича ягона оператор сифатида ташкил этилган. Шунингдек, у газ тақсимлаш тармоқларига уланган маиший истеъмолчиларга газ сотиш, шартномалар бўйича магистрал газ қувурларига уланган истеъмолчиларга газни бевосита сотиш билан шуғулланади.
Эслатиб ўтамиз, магистрал газ қувурлари «Ўзтрансгаз» балансида, тақсимлаш тармоқлари эса «Ҳудудгазтаъминот»да.