Вазирлар Маҳкамасида 1 февраль куни «Маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор қабул қилинди.
Ҳужжат Маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш фаолиятини ҳамда «Ҳалол» белгиси билан тамғаланган маҳсулот ва хизматлардан фойдаланишни тартибга солиш мақсадида қабул қилинган.
Низомга кўра, «Ҳалол» талабларига мувофиқ маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаш органларини ташкил этиш режалаштирилган.
Ҳужжат билан уйидагиларни назарда тутувчи Маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланди:
- маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тартиби;
- «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштирилган маҳсулот ва хизматларни даврий баҳолаш.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда:
- а) олти ой муддатда:
- агентлик тизимидаги давлат муассасасида ташкил қилинадиган маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш органини халқаро тан олинган ташкилотларни жалб қилган ҳолда аккредитациядан ўтказади;
- маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштиришда иштирок этувчи мутахассислар малакасини оширсин ҳамда улар учун тренинглар ва семинарлар ўтказилишини ташкил этади;
- «Ҳалол» белгиси шакли ҳамда ўлчамини белгилайдиган стандарт лойиҳани ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;
- б) ташаббус кўрсатган тадбиркорлик субъектларига маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш органини ташкил этишда кўмаклашиб боради.
Сертификатлаш ва уларга қўйиладиган талабларни белгилашда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти (CMIIC) томонидан қабул қилинган ва халқаро миқёсда расман тан олинган стандартларга устуворлик берилади.
2025 йил 1 майдан бошлаб CMIIC талабларига мувофиқ сертификатланган маҳсулотлар ва хизматларни «Ҳалол» белгиси билан маркировка қилишни бошлаш режалаштирилмоқда.
Ариза берувчи сертификатлаш органига аризани электрон тарзда топширади. Сертификатлаш органи ариза берувчи томонидан тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни уч иш куни ичида кўриб чиқади.
Баҳолаш ишлари сертификатлаш органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган баҳолаш дастурига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жойида (объектда) олиб борилади.
Агар баҳолаш жараёнида ариза берувчи томонидан ишлаб чиқарилаётган ёки фойдаланилаётган маҳсулотнинг таркиби бўйича шубҳалар юзага келса, маҳсулот намуналари ариза берувчининг иштирокида олинади ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талаблар ҳамда «Ҳалол» талабларига мувофиқ аккредитацияланган синов лабораториясида синовдан ўтказилади.