Ўзбекистонга дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўтган ойда 3 миллиард доллар хорижий инвестиция келди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган аҳоли бандлигини таъминлаш ва инвестициялар жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги йиғилишда маълум қилинди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, хусусан, бу йил 5 миллион 200 минг аҳолини банд қилиб, 1,5 миллион одамни камбағалликдан чиқариш, 42 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиб, экспортни 30 миллиард доллардан ошириш ҳисоб-китоб қилинган.
Йиғилишда шу борада бошланган ишлар ва дастлабки натижалар ҳақида ахборот берилди. Январь ойида 277 минг фуқаро ишли бўлган. Шундан 91 минг нафари доимий ишга жойлашган, 153 минги тадбиркорликка жалб қилинган.
Таъкидланишича, камбағалликни қисқартириш бўйича 32 та йўналишда янги ёндашувлар жорий этилмоқда. Яқинда вазирлик ва ҳокимликлар мутахассисларидан иборат гуруҳлар Хитойга бориб, тажриба алмашиб келди. Энди жойлардаги имкониятлар аҳолига тушунтирилиб, даромад топишга кўмаклашилади.
Иш ўринлари ва инвестиция ўзаро боғлиқ. Бу йил қарийб 14 миллиард долларлик 8 мингта лойиҳани амалга ошириб, 272 мингта доимий иш жойи яратиш режалаштирилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўтган ойда юртимизга 3 миллиард доллар хорижий инвестиция келган. Февраль ойида ҳам шунча инвестиция олиб келиш, 623 та лойиҳани ишга тушириш кўзда тутилган.
Йиғилишда лойиҳалар бўйича манзилли ишлаб, суръатни кескин ошириш зарурлиги таъкидланди. Йил бошидан буён экспорт ҳажми 1 миллиард 300 миллион долларга етган. Мутасаддиларга хорижий ҳамкорлар билан ишлаб, тадбиркорларга ташқи бозорларга чиқишга кўмаклашиш, янги корхоналарни экспортга жалб этиш бўйича топшириқлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 17 январь куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги ёндашувлар асосида камбағалликни қисқартиришга оид чора-тадбирлар тақдимоти билан танишганди. Ўшанда президент 2025 йил ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда ҳал қилувчи йил бўлишини маълум қилган.
Бу йил 5 миллион 200 минг фуқаронинг бандлигини таъминлаш ва 1,5 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган. Биринчи марта 60 та туман ва шаҳар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилиши қайд этилган.
Маҳалла банкирлари билан бирга 1,5 миллион аҳоли доимий ишга жойлаштирилиб, 2 миллиондан зиёд одам бизнесга жалб қилинади. Шу мақсадда бу йил кичик бизнес лойиҳаларига жами 120 триллион сўм кредит ажратилади.
Туризм салоҳияти бор жойларда меҳмон уйлари ва ошхоналар, муайян почта бўлимларида электрон тижорат марказлари очилиб, камбағал оила вакиллари ишга олинади. Умуман, 2025 йилда 6 минг 472 та маҳаллада янги ёндашувлар асосида лойиҳалар амалга оширилиб, 210 минг нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилади.