Ўзбекистонда пальма ёғи ҳамда таркибида шундай ёғ ва трансёғлари бўлган маҳсулотларни мажбурий лаборатория синовидан ўтказиш талаби жорий этилмоқда. Бу ҳақда президентнинг 30 январдаги қарорида айтилган.

1 мартдан бошлаб мамлакатга олиб кириладиган пальма ёғи, шунингдек, таркибида пальма ёғи ва ёғ кислоталари трансизомерлари (трансёғлар) бўлган маҳсулотлар, шу жумладан, сут ва сут маҳсулотлари учун санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштиришда аккредитация қилинган лабораторияларда мажбурий синовдан ўтказилиши керак.

Текширувлар амалдаги техник регламентлар ва стандартлар асосида ўтказилади.

Мамлакат ичкарисида озиқ-овқат маҳсулотларида пальма ёғидан фойдаланиш устидан назорат янада кучайтирилади. Назорат органлари томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва сотиш билан шуғулланувчи корхоналарда ҳам текширувлар ўтказилади.

Ўзбекистон қанча пальма ёғи импорт қилади?

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов 2024 йил 10 декабрь куни президент билан учрашувидан сўнг қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар 2022 йилда Индонезия ва Малайзиядан пальма ва кокос ёғи, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган бошқа хомашё импортини бож тўлашдан озод қилишни сўраганини таъкидлаганди.

Ўшанда президент ушбу имтиёзлар берилишини тасдиқлаганди, улар 2025 йил 1 январда тугайди. Шавкат Мирзиёев ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзларни яна икки йилга узайтириш таклифини маъқуллади, деганди Ваҳобов.

Пальма ёғини Ўзбекистонга олиб кириш 2000 йилларда бошланган. Дастлабки етказмалар тахминан 5000 тоннани ташкил этган. 2016−2018 йилларда йилига қарийб 50 минг тонна маҳсулот импорт қилинган бўлса, 2019 йилнинг январь-май ойларида бу кўрсаткич 31 минг тоннани ташкил этди.

Лекин ҳозир кўрсаткичлар пастроқ. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йил якуни бўйича импорт ҳажми қарийб 40 фоизга — 39,7 минг тоннадан 24,2 минг тоннагача камайди, етказиб бериш қиймати эса 27 миллион долларгача (-46 фоиз) камайди. Кунгабоқар ёғи импорти ҳам 3,5 фоизга — 294,1 минг тоннагача қисқарди, етказиб бериш қиймати эса 265,2 миллион долларни ташкил этди.

Пальма ёғининг зарари

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Европа озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги (EFSA) ва Озиқ-овқат қўшимчалари бирлашган эксперт қўмитаси (JECFA)га таяниб, пальма ёғи қай даражада хавфли бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган. Гидрогенизация йўли билан олинган (водород атомларини қўшиш орқали суюқ ёғларни қаттиқ ёғларга айлантириш) пальма ёғлари энг арзони ҳисобланади, у мум ёки парафинни эслатади. Бу ёғ таркибида фойдали компонентлар йўқ, шунингдек ёғ юқори ҳароратда қайта ишланганда унда кўп миқдорда зарарли моддалар ҳосил бўлади.

Пальма мойи таркибида 45 фоизгача палмитин кислотаси мавжуд. Бу моддани кўп миқдорда истеъмол қилиш томирларнинг ёғ пилакчалари билан тиқилиб қолишига ва атеросклероз бошланишига олиб келади. Атеросклероз ўз навбатида юрак-қон томир касалликларининг ривожланишига сабаб бўлади.

Пальма ёғи арзонлиги туфайли музқаймоқ, қандолатчилик маҳсулотлари, сариёғ ва бошқа маҳсулотларга қўшилади.