Хоразм вилоятининг Транспорт бошқармаси бош мутахассиси фуқародан 80 минг доллар пора олаётганида ушланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлиги хизмати.

Қайд этилишича, мансбадор тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқарога Урганч шаҳрида аҳолига транспорт хизматлари кўрсатишга ихтисослашган МЧЖга қарашли 960 метр квадрат бўш ер майдонини кадастр идораларидаги танишлари орқали унинг номига ўтказиб беришини айтган.

Бошқарма мутахассиси аслида бошқа бир шахсга тегишли бўлган жойда кўп қаватли турар жой қуриши учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 135 минг доллари талаб қилган. Шундан 80 минг долларни олдиндан олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28,211-моддасининг 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Фарғона вилояти Ёзёвон тумани бўлими бош мутахассиси «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида пудратчи корхонанинг рейтинг балларини кўтариб беришни айтган. Шунингдек, тендерга тақдим қилиш мақсадида ҳақиқатда мавжуд бўлмаган қурилиш техникаларининг техник паспорти ва ёрлиқларини тайёрлаб бериш эвазига 8700 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «в» банди (Хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 1-қисми (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.