Президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни чорвачилик ва паррандачиликни қўллаб-қувватлаш ва соҳада юқори қўшилган қиймат яратиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
2025 йилда қарийб 3,19 млн тонна чорва гўшти, 1 млн тонна парранда гўшти, 13,12 млн тонна сут ва 10,5 млрд дона тухум етиштириш режа қилинмоқда. Ушбу йилда парранда гўшти экспорти прогнози 180 млн доллар, жумладан, парранда гўшти 95 млн доллар, тухум 69 млн долларни ташкил этади.
Бундан ташқари, асосан паррандачилик хўжаликлари ва аҳоли ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳисобига паррандачилик соҳасида 1 млн кишини иш билан таъминлаш кўзда тутилган.
2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январгача чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари учун қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизини қайтариш (кешбэк) механизмим жорий этилади. Бунда хўжаликларнинг гўшт, сут, тухум ва парранда гўштни сотишдан тушган тушуми уларнинг умумий даромадининг камида 90 фоизини ташкил қилиши керак.
Шунингдек, 2025 йил 1 февралга қадар Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг (мамлакат суверен жамғармаси) 50 млн доллари миқдоридаги маблағлари «Микрокредитбанк»нинг устав капиталини оширишга йўналтирилади. Ушбу маблағлар 1 млн иш ўрни яратишга мўлжалланган «Парранда боқиш — даромад топиш» лойиҳаси доирасида паррандачилик тармоғидаги хонадонлар билан ҳамкорликни молиялаштиришга йўналтирилади.
Ушбу лойиҳа аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида кам қувватда ишлаётган корхоналарни молиявий соғломлаштириш, тижорат банклари балансидаги хўжаликларни салоҳиятли йирик корхоналарга бириктириш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш тармоқлари ўртасида кооперация тизимини ташкил этиш ҳамда янги лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига амалга оширилади.
2028 йил 1 январга қадар паррандачилик-наслчилик корхоналарининг жўжаларни етказиб беришда фойдаланиладиган моторли транспорт воситалари учун импорт божхона божи 5 фоизга пасайтирилади ва двигателнинг ҳар бир куб см учун 1,2 доллар этиб белгиланади.
Наслчилик хўжаликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ имтиёзлари 2028 йилгача узайтирилди. Шу санага қадар улар фойда, мулк, ер ва сув ресурслари учун солиқларни 50 фоиз пасайтирилган ставкада тўлашда давом этади.
Шунингдек, ветеринария дори воситаларини, давлат ветеринария лаборатория текширувларида қўлланадиган ташхис тест тизимларини олиб киришда ветеринария дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказганлик гувоҳномасини бериш бепул бўлади.
Президент қарорида яйловлар деградациясининг олдини олиш ва қоракўлчилик соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро донорлардан 50 млн доллар маблағ жалб этиш белгиланган.
2025 йилда яйловларни тиклаш ҳамда уларда суғориш иншоотларини (қудуқларни) барпо этиш дастурини ишлаб чиқиш режа қилинган. Қудуқларни муқобил энергия манбалари қурилмалари ва сув ҳисоблагичлар билан таъминлаш белгиланган.