Андижон вилояти Асака туманида эркак 13 ёшли қўшни қиз билан жинсий алоқа қилмоқчи бўлиб, 100 минг сўм пул таклиф қилган ва бу учун атиги 5 сутка маъмурий қамоққа ҳукм қилинганди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг ёзишича, ҳозирда Андижон вилояти прокуратураси томонидан мазкур суд ҳужжатлари ўрганилмокда.
Эслатиб ўтамиз, Nemolchi.uz'нинг ёзишича, ҳолат 2024 йил ноябрида юз берган — 1987 йилда туғилган Баҳодир Ортиқов рафиқаси билан бўлган интим эҳтиёжларини қондира олмаган ва унга қўшниси М.ни (2011 йилда туғилган) олиб келишини айтган.
Вояга етмаган М. судда ўша куни қўшниси уни уйига олиб келиб, эри билан жинсий алоқада бўлишини айтганини маълум қилган. Аёл, шунингдек, ўсмир «ҳеч нарсани кўрмаслиги ва оғриқни ҳис қилмаслиги» учун кўзини боғлаб қўйишини айтган ва бунинг учун 50 минг сўм таклиф қилган. Қизча рад этгач, суҳбатга Ортиқов аралашган ва агар у рози бўлса, 100 минг сўм тўлашни айтган. Қизча қўрқиб кетиб, қочиб кетган.
Судда жабрланувчининг онаси қизида жароҳат ва зўравонлик излари йўқлигини, аммо эркак ва аёл ҳаракатларида жиноят белгилари бўлиши мумкинлигини билдирган.
Аммо биринчи инстанция суди ҳам, аппеляция суди ҳам унинг шикоятини қаноатлантирмаган. Эркак Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисми («Шаҳвоний шилқимлик») билан 5 сутка маъмурий қамоқ, хотини эса давлат фойдасига 750 минг сўм жарима жазосини олган.
БП хабарида қўшимча қилинишича, мазкур масала Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.