Россия Саудия Арабистони ва БААни Владимир Путин ва Дональд Трампнинг эҳтимолий учрашуви учун жой сифатида кўриб чиқмоқда, деб ёзди Reuters ўз манбасига таяниб.
Россия расмийлари бир неча бор Трамп ва Путин ўртасида жорий йил охирида бўлиб ўтадиган учрашувдан олдин телефон қўнғироғига тайёргарлик кўриш бўйича АҚШ билан тўғридан-тўғри алоқаларни рад этган бўлса ҳам, россиялик манбаларга кўра, сўнгги ҳафталарда Саудия Арабистони ва БААга россиялик юқори мартабали амалдорлар ташриф буюрган, дейди агентлик.
Бир манбанинг айтишича, баъзи дипломатлар ва разведка расмийлари Қироллик ва БААнинг Қўшма Штатлар билан яқин ҳарбий ва хавфсизлик алоқаларига ишора қилгани сабабли Россияда бу ғояга ҳали ҳам бироз қаршилик бор.
Шу билан бирга, ҳозирги босқичда Россия манбалари 2022 йил март ойида Россия ва Украина ўртасида муваффақиятсиз тинчлик музокараларига мезбонлик қилган НАТО аъзоси Туркияни эҳтимолий жой сифатида рад этди, деди Reuters манбалари.
Reuters хабарига кўра, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Трамп лавозимга киришганидан кейин қўнғироқ қилган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлган. Путин, ўз навбатида, 2023 йилда Саудия Арабистони ва БААга ташриф буюриб, АҚШ ва Россия ўртасида маҳбуслар алмашинувини ташкил этишда кўрсатган ёрдами учун Муҳаммад бин Салмондан миннатдорлигини айтган.
Икки давлат раҳбарлари — валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ҳам, БАА президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ҳам Украинадаги бутун уруш давомида бетарафликни сақлаб, Россияга қарши санкцияларга қўшилмади, деб таъкидлайди Reuters. БАА Россия ва Украина ўртасида асирларни айирбошлашда воситачи сифатида иштирок этган. Икки давлат раҳбарлари Украина президенти Владимир Зеленский билан ҳам мунтазам мулоқот олиб борган.
Бундан ташқари, икки давлатнинг ҳеч бири Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган Халқаро жиноий суд аъзоси эмас.
Кремль изоҳ беришдан бош тортди. Саудия Арабистони ва БАА ҳам бу маълумотга изоҳ бериш ҳақидаги сўровларга жавоб бермади, деб ёзади агентлик.
Январь ойида Трамп Саудия Арабистони ва ОПЕК мамлакатларини нефть нархини пасайтиришга чақирганди. «Агар нарх пасайса, Россия ва Украина ўртасидаги уруш дарҳол тўхтарди», — деган у. Ўшанда у яна бир бор «бу [Россия-Украина] урушига чек қўйиш учун президент Путин билан тез орада учрашишни хоҳлашини» айтган.
3 февраль куни Трамп журналистларга маъмурияти Украина, Россия ва «турли томонлар» билан учрашув ва музокараларни режалаштирганини билдирди. Бошқа ҳеч қандай тафсилотларни келтирмади. АҚШ президенти айнан қайси томонлар назарда тутилганига аниқлик киритмади. Икки кун аввал Трамп Вашингтон ва Москва ўртасида муҳокамалар кетаётганини яна бир бор айтиб, уларни «жуда жиддий» деб атаган. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.