Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Муҳокама 9 февралгача давом этади.

Концепцияси лойиҳасини 31 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари биринчи ўқишда қабул қилганди. Мажлисда концепция лойиҳаси ҳақида маъруза қилган депутат Жаҳонгир Ширинов диний соҳадаги давлат сиёсатини аниқ кўрсатилмаслиги унинг аҳоли ўртасида турлича тушунилишига, дунёвий давлат асосларининг бузиб талқин қилинишига, жамиятда зиддиятларнинг кучайишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Маърузачи, шунингдек, ижтимоий муносабатларга муайян бир динга хос қоидаларни жорий этиш, аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини шубҳа остига қўйиш, айрим давлат хизматчиларининг дунёвий давлатчилик моҳиятини теран англамаслиги, жамият тараққиёти, бирдамлиги ва барқарорлигига путур етказувчи қонунга хилоф ғоялар, ижтимоий ахлоқ нормалари, миллий ва умуминсоний қадриятларни инкор этиш, тиббий хизматдан, илм-фан ва маданият ютуқларидан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни чеклашга қаратилган ғоя ва қарашлар тарқалиши ҳолатлари учраётганини қайд этди.

«Бундай ҳолатлар ягона Ўзбекистон халқи, жамият ва давлат ҳамжиҳатлигига хатар бўлиб, қонун ҳужжатларига риоя этилмаслигига, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузилишига, фуқароларнинг ҳуқуқий тартиботга муносабати салбий томонга ўзгаришига, ватанпарварлик туйғулари емирилишига ҳамда оилавий низоларга олиб келиши мумкин», — деди Ширинов.

Унинг таъкидлашича, концепция билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва Ўзбекистон дунёвий давлат эканига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқаришга ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш таклиф этилди.

Концепция 7 та боб, 41 та банддан иборат.

Умумий қоидалар бобида дунёвий давлатда диний қадриятлар ҳам муҳим ўрин тутиши қайд этилган.

«Диний қадриятлар Ўзбекистон халқининг маданияти, турмуш тарзи, урф-одатлари, одоб-ахлоқининг шаклланиши ҳамда уларнинг авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтишига хизмат қилиб келмоқда. Диний эътиқодлар ва диний бағрикенглик, динларнинг асл инсонпарварлик моҳияти жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларидан бири бўлиб, Ўзбекистон халқини бирлаштириш ва жипслаштиришга хизмат қилувчи, оилаларда ўзаро ҳурмат-иззат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамловчи асрий қадриятлар манбаидир», — дейилган унда.

Концепцияда виждон эркинлиги конституциявий ҳуқуқи дунёвий давлатдагина тўлақонли амалга оширилиши мумкинлиги қайд этилган. Дунёвий давлат диний қадриятларнинг, эътиқодларнинг ҳурмат ва ҳимоя қилиниши, изчил ривожланиши учун зарур ижтимоий муҳит яратади, дейилади унда.

Концепцияда қуйидаги тушунчаларга изоҳ бериб ўтилган.

  • Виждон эркинлиги — фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқи;
  • дунёвийлик - виждон эркинлиги, эркин фикрлаш ҳамда Конституция ва қонунларга мувофиқ инсонпарвар қадриятларга, умумжамият манфаатларига асосланган ахлоқ ва хулқ-атворни назарда тутувчи норма
    ва қарашлар тизими;
  • дунёвий давлат — ҳар ким учун виждон эркинлиги, мафкура ва фикрлар хилма-хиллиги кафолатланган, давлат ҳокимияти диний-конфессиявий қарашлар ва институтлардан ажратилган ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда, қарорлар қабул қилишда ва уларни ижро этишда Конституцияга ва қонунларга, умумжамият манфаатларига асосланган тарзда бошқариладиган давлат;
  • дунёвий қадриятлар — виждон эркинлигига, қонун устуворлигига, мафкура ва фикрлар хилма-хиллигига, динлараро бағрикенглик
    ва миллатлараро тотувликка асосланган жамиятдаги умуминсоний принциплар, нормалар ва қарашлар мажмуи;
  • умумжамият манфаатлари — жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун олдида тенглигини таъминлаш, биргаликда тинч-тотув яшаш, моддий-маънавий неъматлардан адолатли тарзда фойдаланиш ҳамда тараққий этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасидаги жамиятнинг онгли эҳтиёжлари йиғиндиси.

Концепциянинг 2-бобида Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг қисқа тарихи ҳақида ахборот берилган.

Унда Марказий Осиёда диний таассублар замирида радикал, экстремистик ва террористик гуруҳларнинг қонунга хилоф фаолияти жадаллашиши, жумладан уларнинг клерикал давлат тузишга бўлган уринишлари фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқига таҳдидларни юзага келгани қайд этилган. Ўша шароитда, яъни 1998 йил 1 майда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.

«2000 йилларда жаҳон тарихида халқаро террористик ташкилотлар аъзолари фаолиятининг ҳаддан ташқари фаоллашуви кузатилди. Мазкур жараён Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Шунга қарамай виждон эркинлигига нисбатан таҳдидларни бартараф этишга қаратилган чоралар изчил амалга оширилиб, жамиятда барақарорлик муҳити сақлаб қолинди», — дея қайд этилган концепцияда.

3-бобда Ўзбекистонда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, асосий вазифалари ва принциплари келтирилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни ва дунёвийликни таъминлашдан иборат.

Ўзбекистон Республикасида диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, фуқароларнинг эркинлиги ва қонун олдида тенглигини таъминлаш ҳамда конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
  • кўп миллатли ва кўпконфессияли Ўзбекистон халқининг бирлиги ва бирдамлигини, урф-одатларига нисбатан ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, уларнинг ривожланиши учун тенг шарт-шароитлар яратиш;
  • фуқароларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиши учун тенг ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш;
  • фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш;
  • давлат ўзининг ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишда конституциявий нормаларга мувофиқ дунёвийликка таяниш;
  • Конституциявий нормаларга мувофиқ давлат бошқаруви, давлат хизмати, Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолияти ҳамда ижтимоий муносабатлар дунёвийлик асосида тартибга солинишини таъминлаш;
  • жамиятда диний бағрикенглик ва қонунийликни қарор топтириш борасида фуқароларнинг фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • давлат хизматчиларининг ўз касбий фаолиятида ва функционал вазифаларни бажаришда бирор-бир динга ёки эътиқодга устунлик беришига ёхуд бирор-бир динни ёки эътиқодни камситишига йўл қўймаслик;
  • жаҳон илм-фани, маданияти, санъати ва адабиётининг илғор ютуқларидан баҳраманд бўлган ҳолда мамлакат илм-фани ва маданиятини ривожлантириш;
  • фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, аҳолининг соғлиғига, ижтимоий ахлоққа, жамоат хавфсизлигига ва жамоат тартибига таҳдид солувчи радикаллашувга қарши курашиш, экстремизм ва терроризм ғоялари тарқатилишига йўл қўймаслик.

Қонунийлик принципига мувофиқ диний соҳадаги давлат сиёсати Конституцияга ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилинган қарорларнинг Конституцияга ва қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаслиги таъминланиши қайд этилган.

Диннинг давлатдан ажратилганлиги принципи диний ташкилотлар ва давлат органлари ўзаро бир-бирининг фаолиятига аралашмаслиги, давлат диний ташкилотлар зиммасига давлатнинг бирор-бир вазифаларини юкламаслиги, диний ташкилотларнинг давлат функцияларини амалга оширишига йўл қўймаслигига оид қоидаларни назарда тутади.

Концепцияда давлат турли динларга эътиқод қиладиган ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, турли конфессияларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат, бағрикенглик руҳи ўрнатилишини таъминлайди, радикаллашувга, экстремизмга, терроризмга, турли динларга мансуб ақидаларни бир-бирига қарама-қарши қўйишга ва кескинлаштиришга, шу асосда фуқаролар тотувлигини бузишга, турли конфессиялар ичида ва бошқа конфессиялар ўртасида адоват қўзғатишга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги белгиланган.

4-бобда Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари келтирилган.

Фуқароларнинг виждон эркинлигига, жамоат хавфсизлигига ва жамоат тартибига таҳдид солувчи омилларга қарши курашиш йўналишида давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий механизмлари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • диний радикаллашувга, яъни шахсий диний қарашлар асосида маълум бир диннинг ёки конфессиянинг бошқаларига нисбатан устунлигига, уни талқин қилишда қонунчилик талабларига ва бошқа фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқига риоя этмасликка чақирувчи хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик;
  • радикал диний оқимлар, экстремистик ва террористик ташкилотлар ғояларига қарши курашиш ва уларнинг мафкураси тарқалишининг олдини олиш, бу мақсадда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг диний ташкилотлар билан самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш;
  • радикал диний оқимлар, экстремистик ва террористик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушиб қолган шахсларни, айниқса, ёшларни ижтимоий мослаштириш, уларнинг жамиятда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувлик муҳитига интеграциялашувини таъминлашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;
  • диннинг инсонпарварлик моҳияти, жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим ўрнини очиб бериш бўйича замонавий стратегияларни амалга оширишга қаратилган давлат, фуқаролик жамияти институтлари ва медиа соҳаси вакиллари ўртасидаги самарали ҳамкорлик тизимини яратиш;
  • ахборот маконида диндан қонунга хилоф равишда ва сиёсий мақсадларда фойдаланиш ҳолларини аниқлаш ҳамда уларга нисбатан қонунда белгиланган чораларни кўриб бориш;
  • ахборот маконида диний масалаларга бағишланган материалларнинг миллий қонунчилик талабларига мувофиқ ҳолда ёритилишини таъминлаш;
  • виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш ҳолларига ўз вақтида муносабат билдириш ва адолатли ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш, ҳуқуқий ва профилактик таъсир кўрсатишнинг замонавий, таъсирчан усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни, жумладан бирор-бир динга устунлик бериш ёки бошқа динларга нисбатан муросасизлик ғояларини қўзғатишга туртки бўладиган материаллар тарқатилган, шу жумладан Интернет тармоғида тарқатилган тақдирда, бундай ахборот ресурсларидан фойдаланишни қонунда белгиланган тартибида чеклаш;
  • диний таассублар (фанатизм) замирида содир этиладиган экстремизм ва терроризмга оид жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва уларга чек қўйиш чораларини кўриш.

5-бобда дунёвий давлатда умумжамият манфаатлари ва виждон эркинлиги уйғунлигини таъминлаш ҳақида сўз боради.

Дунёвий давлатда умумжамият манфаатлари қуйидагиларни қамраб олиши таъкидланган:

  • ҳар бир инсоннинг Конституция ва қонунларда белгиланган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тенглик ва адолатлилик асосида рўёбга чиқариш;
  • ҳар бир шахснинг қонун асосида тенг ҳуқуқ, имконият ва ҳимояга эга бўлишини таъминлаш, ҳар бир инсон қадрланадиган, ҳурмат қилинадиган ва фикри инобатга олинадиган ижтимоий муҳитни яратиш;
  • моддий неъматлар ва имкониятларни мутаносиб равишда тақсимлашга, тизимли тенгсизликларни бартараф этишга ҳамда барча шахсларнинг бирламчи эҳтиёжларини (таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва иқтисодий имкониятлар) етарли даражада қаноатлантиришга қаратилган ижтимоий адолатни рўёбга чиқариш;
  • турли қарашлар ва нуқтаи назарларга эга ижтимоий гуруҳлар ўртасида бирдамлик ҳамда бағрикенглик, тинч-тотув яшаш ва ҳамжиҳатлик руҳини шакллантириш, улар ўртасида мулоқот, ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда бир-бири ҳақида янглиш тасаввурлар ва адоват пайдо бўлишининг олдини олувчи барқарорлик ва тотувлик муҳитини яратиш;
  • бирор-бир ижтимоий гуруҳнинг манфаатларига устуворлик бермаган ҳолда, барча фуқароларнинг умумий фаровонлигини таъминлашга қаратилган қарорлар қабул қилиш;
  • жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқароларнинг диний эътиқоди ва қарашларидан қатъи назар, демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари асосида истисносиз иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратиш;
  • бирор-бир диний қараш асосида атроф-табиий муҳит барқарорлигига путур етказувчи қарор қабул қилишга ёки амалиётларга йўл қўймаслик;
  • жамиятнинг ҳар қандай тажовузлардан, ижтимоий ва миллатлараро низолардан, турли конфессиялар ўртасида адоват ва нафрат уйғотишдан, фавқулодда вазиятлар ва бошқа таҳдидлардан ҳимояланганлигини таъминлаш.

Дунёвий давлатда умумжамият манфаатлари ва виждон эркинлиги уйғунлигининг асосий шартлари қуйидагилардан иборат:

  • фуқароларнинг ўз шахсий макони доирасида бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликларига ва қонуний манфаатларига дахл қилмасдан, қонунчилик ва жамоат тартибини бузмасдан хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслиги;
  • фуқароларнинг диний ташкилотларда, диний расм-русумлар ва маросимлар ўтказилаётган жойларда, қонунчиликда белгиланган тартибда, бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл этмаган ҳолда ўз диний қарашларини ифодалаши, ибодатларни, расм-русумларни якка ҳолда ёки гуруҳ бўлиб бажариши;
  • ижтимоий-сиёсий маконда ҳуқуқий тартибга солинадиган масалалар бўйича дин ва динсизлик билан боғлиқ ақида ва қарашларни қонунга хилоф равишда тарқатишга ҳамда диний белгиларга кўра сиёсий партияларни ва сиёсий мақсадларни кўзловчи оммавий жамоат ҳаракатларини ташкил этишга ва қарорлар қабул қилишга йўл қўйилмаслиги.

6-боб дунёвий давлатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида.

Хусасан, Давлат бошқаруви йўналишидаги дунёвийлик давлат бошқарувига оид қарорларни қабул қилиш ҳамда амалга оширишда Конституция ва қонунларга мувофиқ умуммиллий ва умуминсоний қадриятларни ва маданий меросни ҳурмат қилган ҳолда, умумжамият манфаатларини кўзлаш, илмий асосланган ёндашувларга таянишни назарда тутади.

Давлат органлари ва ташкилотлари, Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг диний қарашлари уларнинг профессионал фаолиятига ва функционал вазифаларини амалга оширишига таъсир қилмаслигини таъминлаш, шулар жумласидан.

Иқтисодиётни тартибга солиш йўналишидаги дунёвийлик эса давлат томонидан иқтисодиётни, иқтисодиёт субъектлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда эмпирик далиллар, оқилона таҳлил ва объектив кузатувларга асосланган иқтисодий қонуниятлар, принциплар ва институтларга таяниш.

Таълимда дунёвий ёндашув таълим жараёни, уни ташкил этиш ва таълим хизматларини кўрсатиш диний ақида ва эътиқодлардан холи бўлган илмий билим ва мантиқий фикрлашга асосланишини назарда тутади. У таълим олувчиларда қарашлар хилма-хиллиги, миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда уларнинг ижтимоий тараққиётга қўшган ҳиссасига нисбатан ҳурматни шакллантиришга қаратилган.

Бу ҳар қандай асосларга кўра мажбурий таълим олишдаги чекловларга йўл қўймаслик, ёшларнинг илмий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, миллий қадриятлар ва ижтимоий ахлоқ нормаларини ҳурмат қилиш, таълим тизимида диний бетарафликни сақлаш, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаслик ва бошқаларни назарда тутади.

Тиббиёт соҳасидаги дунёвийлик соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, тиббий хизмат кўрсатиш ва тиббий маданиятни илмий тадқиқотлар, далилларга асосланган тиббиёт, тиббий этика ва фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқлари устуворлиги асосида шакллантиришдан иборат.

Тиббиёт амалиётида фақат клиник ва илмий жиҳатдан исботланган даволаш усулларидан фойдаланиш, диний эътиқод асосида тиббий аралашувларга тўсиқларнинг олдини олиш, фуқароларда илмий бўлмаган даволаш усуллари замонавий тиббий технологияларни ўрнини боса олмаслиги тўғрисидаги тушунчани шакллантиришни назарда тутади.

Маданият соҳасидаги дунёвий ёндашув жамиятни инсонпарварлик, табиий муҳитга, миллий ва умуминсоний маданий меросга ҳурмат тамойилларига мувофиқ ривожлантиришдан иборат. Бу анъаналар, адабий ва мусиқа санъати, хореография, театр, кино ва бадиий ижоднинг бошқа шаклларини қўллаб-қувватлашда намоён бўлади.

Никоҳ муносабатларини тартибга солишда дунёвийлик фуқаролик ва оила қонунчилиги асосида никоҳни ҳуқуқий тартибга солишни англатади. Бунда диний маросимларни ўтказишдан олдин никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, никоҳга ихтиёрий розилик бериш принципига қатъий амал қилиш, икки ёки ундан ортиқ хотин ёхуд икки ёки ундан ортиқ эр билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилишни чеклаш, миллий қадриятлар ва қонунчиликка мувофиқ анъанавий никоҳ муносабатларини қўллаб-қувватлаш ҳақида сўз бормоқда.

Ижтимоий ахлоқ ва хулқ-атвор нормаларини шакллантиришда дунёвийлик шахснинг бошқа шахслар ва жамият билан муносабатларда, шахсий эътиқодидан қатъи назар, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шу жумладан виждон эркинлиги ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда ўзини оқилона тутиши, инсонпарварлик ғоялари, миллий ва дунёвий қадриятларга таянишни назарда тутади.

Концепцияда назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш натижасида қуйидаги натижаларга эришиш кутилмоқда:

  • фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш;
  • жамиятда қонун устуворлиги мустаҳкамлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш;
  • жамиятда тотувлик, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳити мустаҳкамлаш, юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг барвақт олдини олиш ва уларни профилактика қилиш имконияти яратиш;
  • дунёвийликни таъминлашга доир қонунчилик янада такомиллаштирилади, мавжуд ҳуқуқий бўшлиқлар ва зиддиятлар бартараф этилади;
  • дунёвий давлат принципини рўёбга чиқаришга тўсиқ бўлувчи омиллар минималлаштириш
  • дунёвий давлатда диний эркинликларни таъминлаш шарт-шароитлари яратиш;
  • Ўзбекистон Республикасида давлат ва конфессиялар ўртасида диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлашга асосланган муносабатлар моделини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллаштириш;
  • диний ва диншунослик таълим йўналишлари бўйича мутахассисларнинг малакасини оширишни назарда тутадиган диний соҳада кадрлар тайёрлаш тизими такомиллашиши;
  • диний соҳадаги давлат сиёсати ахборот маконида тизимли равишда ёритилишини таъминлаш учун давлат, фуқаролик жамияти институтлари ва медиа соҳаси вакилларининг ҳамкорлик механизмларини яратиш;
  • диний масалаларни ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ва эксперт-таҳлилий лойиҳаларни амалга ошириш тизими йўлга қўйиш.

Концепцияда белгиланган мақсад ва вазифаларнинг бажарилишини ташкил этиш ҳукумат, барча даражадаги давлат органлари, ташкилотлар ва муассасалар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, шу жумладан давлат хизматчиларининг зиммасига юклатилади.

Концепцияни амалга оширишда кенг жамоатчилик, нодавлат нотижорат ташкилотлари, диний ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилинади.

Олий Мажлис палаталарининг қарори билан концепцияда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Олий Мажлиснинг комиссияси (парламент комиссияси) ташкил этилади.