Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни йирик транспорт инфратузилмаси лойиҳалари бўйича ҳисобот билан танишди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Хабарда таъкидланишича, давлат раҳбарининг 2023 йил 10 октябрдаги қарорига мувофиқ, йўл хўжалиги соҳаси такомиллаштирилган, йўл қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш кўлами ошган.
Мазкур қарорда замонавий автомобиль йўлларини ташкил этиш истиқболлари ҳам белгиланган эди. Жумладан, ўтган вақтда Жаҳон банки иштирокида «Тошкент — Андижон» муқобил йўли лойиҳалаштирилди.
Умумий узунлиги 314 километр бўлган бу тезюрар магистрал фойдаланишга топширилиши натижасида Тошкентдан Андижонга етиб бориш вақти 5 соатдан 3 соатгача қисқаради. Шунингдек, бу ялпи ички маҳсулотни 2,6 фоизга ошириб, автоҳалокатларни 40 фоизга камайтириши мумкин.
Яқинда ушбу лойиҳа бўйича халқаро тендер эълон қилинди. Қисқа вақтда унга кўплаб нуфузли хорижий компаниялар қизиқиш билдирди.
Йиғилишда мазкур лойиҳа бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Транспорт вазирлигига юкламаси кўп бошқа йўлларда ҳам муқобил магистраллар қуриш, йўлларда қулайлик ва хавфсизликни кучайтириш, турли пуллик хизматларни ташкил этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳанинг 1-босқичи умумий узунлиги 171 километрни ташкил этиб, Тошкентдан Ангренгача бўлган автомобиль йўли ва Қамчиқ довонини лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, бошқариш ва техник хизмат кўрсатишни ўз ичига олади. Лойиҳа консепцияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2025 йил 21 январда тасдиқланган.
Ҳукумат Жаҳон банки кўмагида хусусий шерикни танлашга ёрдам бериш учун лойиҳанинг маслаҳатчиси сифатида Arup and Partner’s (Буюк Британия), PWC ва CMS Cameron (Буюк Британия) консултантлар консорциумини жалб қилган.
10 октябрь куни транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Тошкент-Андижон пулли автомобиль йўли бўйича Жаҳон банки билан ишлаб чиқилган лойиҳанинг асосий жиҳатлари тўғрисида маълумот берганди. Вазир ўринбосари берган маълумотларга кўра, йўлнинг 64 фоизи янги қурилиши, 36 фоизи эса реконструкция қилиниши кутилмоқда. Узунлиги 314 километр бўлган I-a категориясидаги йўл 6 қатордан иборат бўлади. Йўлнинг қурилиш муддати 6 йил 3 ойни ташкил этади.
Йиғилишда, давлат раҳбарига, шунингдек, БААнинг AD Ports Group компанияси билан ҳамкорликда Навоий вилоятида «қуруқ порт» ташкил қилиш лойиҳаси тўғрисида ҳам ахборот берилди. Шавкат Мирзиёев Абу Дабига ташрифи доирасида 14 январь куни компания раҳбари Муҳаммад Жума ал-Шамисий билан учрашган ва амалий ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олганди.