Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.

Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.

Ўзбекистонда ҳафта давомида қуруқ об-ҳаво муҳити кузатилиши кутилмоқда. Якшанба кунига бориб, ғарбдан совуқ-нам ҳаво оқимлари кириб келиши сабаб, жойларда ёмғир-қор ёғишини тахмин қилиш мумкин.

Манба: NASAМанба: NASA

Иш кунларидаги об-ҳавони Туркаманистондан аста-секин кириб келувчи илиқ ҳаво оқимлари белгилайди. Ҳаво ҳарорати ҳафта охирига қадар аста-секин кўтарилиб боради. Ҳароратнинг кескин кўтарилиб бориши жума ва шанба кунлари шимоли-ғарбдан нам совуқ ҳаво оқимларини минтақага «торта бошлайди». Бу якшанба ва кейинги ҳафтаси бошлари минтақага совуқ ҳаво оқимлари кириб келишидан дарак.

Душанба куни жанубий вилоятларда ҳаво ҳарорати +15 даражагача кўтарилиб, жума-шанба кунларигача ҳарорат максимуми ҳатто +20 даражагача етиши мумкин. Аммо тунги ва тонгги ҳарорат иш кунлари ноль, айрим ҳудудларда бундан бироз пастроқ ҳам бўлиши мумкин. Фақат пайшанба-шанба кунлари тунги ҳароратнинг нолдан юқори бўлиши кутиляпти.

Манба: Meteoinfo.ruМанба: Meteoinfo.ru

Оддий қилиб айтганда, ҳафта асосан қуруқ ўтади — кундузи иссиқроқ, тунда совуқроқ ҳарорат сақланади. Якшанбага бориб ҳудудларда ёғингарчиликлар (асосан ёмғир), беқарор об-ҳаво бўлиши кутилади.

Сешанбадан бошлаб водий вилоятларида ҳам кундузи ҳароратнинг +10 даражадан юқори кўтарилиши аста-секин газ қувурларидаги босимни барқарорлаштириб, кундузги муддатларда метан газ-заправкалари ишини нормаллаштириши мумкин.

«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 3 февраль куни жойларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кундузи шимолда ва тоғларда +3…+8 даражагача, бошқа ҳудудларда +12 даража, жанубий вилоятларда +15 даражагача, тунда шимол ва тоғларда −0…−5 даража совуқ, бошқа ҳудудларда +3 даража илиқдан -2 даража совуқ атрофида бўлади. Жойларда туман ҳодисалари кузатилиши мумкин.

Синоптиклар 4−6 февраль кунлари Ўзбекистонда ёғингарчилик кутилмаслигини, 4 февраль кундуз куни шимолда худди душанба кунидаги каби +8 даражагача, бошқа ҳудудларда эса +13 даражагача илиқ бўлишини маълум қилган. Уларнинг фикрича, жанубий вилоятларда ҳарорат максимумлари +16 даражага етади. 5−6 февраль кунлари республикада ҳарорат янада кўтарилиб, ҳатто шимолда ҳам ҳарорат +10 даражага етади, бошқа вилоятларда эса ҳарорат максимумлари +13…+18 даража оралиғида бўлади.

Ушбу кунлари тунги ҳароратда душанба кунига нисбатан ўзгариш бўлмаса-да, чоршанба кунидан бошлаб, республиканинг катта қисмларида тунги ҳарорат минимумлари ноль даражадан юқори кўтарила бошлайди. Тоғларда кундузи +2…+7 даража илиқ, кечалари 0…-5 даража совуқ атрофида бўлади. Айрим ҳудудларга туман тушиши эҳтимоли бор.

Жума ва шанба кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Якшанба куни республикага нам ва совуқ ҳаво оқимлари кириб келаётганини аҳоли ўз танасида ҳис қила бошлайди. Бу ҳодиса шимол ҳудудларида шанба кунидан бошланади. Шимолда жума куни, бошқа ҳудудларда шанба куни ҳафтадаги энг иссиқ ҳарорат кузатилади. Якшанба кунига келиб эса ҳудудларда ҳароратнинг сезиларли пасайиб бориши рўй беради.

Шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.

«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (3−9 февраль кунлари) давомида шимолий ҳудудларда ҳарорат шу даврга хос кўп йиллик ўртача иқлимий муҳитдан совуқ, республиканинг катта қисмида эса меъёрий ҳарорат кутилади. Тоғлар ва Фарғона вилояти жанубий туманларида эса бироз иссиқ ҳарорат кутилади. Ёғингарчилик бўйича эса янги ҳафта шу давр учун хос иқлимий муҳитдан анча қуруқ бўлиши, Сурхондарё вилояти ва тоғларда бу янада қуруқроқ бўлиши об-ҳаво карталарида ҳам кўринган.

Шундай қилиб, ҳафта давомида ёғингарчилик шу давр учун хос меъёрдан кам, ҳарорат бўйича эса меъёр атрофида бўлиши маълум қилинган.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Жорий ҳафта об-ҳаво муҳити об-ҳаво ўзгаришларига таъсирчан кишилар саломатлигига у қадар хавф туғдирадиган даражага эга эмас.

Фақат шимолда шанба куни, бошқа ҳудудларда эса якшанба куни ҳаво оқимлари ўрин алмашиниши вақти ҳароратнинг кескин пасайишидан олдин кузатиладиган шамол омили кучсиз кўринишдаги «барик тубсизлик» ҳодисасини келтириб чиқариши мумкин.

«Барик тубсизлик» ҳодисасидан таъсирланувчи ва об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар олдинги материалдаги тавсияларга амал қилишлари мақсадга мувофиқдир.

Биоиқлимий шароитлар

Душанба ва сешанба тунлари бироз совуқроқ бўлса-да, ҳафтанинг бошқа иш кунлари тунда ҳарорат бироз юқори бўлади, бу эса нафақат кундузи, балки кечки вақтларда ҳам бош кийимсиз юриш имконини беради. Аммо, шимолда шанба куни, бошқа ҳудудларда якшанба куни совуқ ва нам ҳаво оқимининг минтақага кириб келишида нафақат тунда, балки кундуз куни ҳам кишилар қалин кийимлар кийиб олишлари мақсадга мувофиқдир.

Космик таъсирлар

Ўзбекистонликлар ҳафта давомида жуда кучли магнит бўрони қўзғалишларидан таъсирланмаслар-да, аммо душанба-чоршанба кунлари 3−4 баллик «сариқ» хавфга эга магнит бўрони қўзғалишлари таъсирига тушишлари прогноз қилинмоқда.

Кўплаб прогноз моделлари Қуёш фотосферасида 2 февраль куни М синфли 4 та чақнаш кузатилганини кўрсатмоқда. Ушбу чақнашлардан ажралган плазма икки ёки уч кунларда сайёрамиз магнитосферасига урилиб, Ерда магнит бўронларини келтириб чиқариши мумкин.

Манба: Xras.ruМанба: Xras.ru

Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам иш кунларининг бошларида об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар саломатликка бироз хавф туғдир «сариқ» даражадаги, яъни кучсиз қўзғалишлар билан рўбарў келиши қайд этилган.

Манба: Ionos.kzМанба: Ionos.kz

Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Жума-шанба кунлари ҳаво ҳароратининг кундуз кунлари учун бироз юқори кутилиши пастдан юқорига кўтарма куч ҳисобига ҳавода майда дисперс заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш даражаси бироз ортишини келтириб чиқариш мумкин. Аммо бошқа кунлари кўп эҳтимол ҳавонинг табиий ифлосланиши учун об-ҳаво шароити у қадар қулайлик яратиш хусусиятига эга эмас.

Ҳафта давомида кучли шамол кутилмалари мавжуд эмаслиги сабаб, йирик шаҳарларда ҳаводаги ифлослантирувчи моддаларнинг атрофга чиқиб кетиши учун у қадар қулай шароит юз бермайди.

Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.

Шундай қилиб, 3 февралдан 9 февралгача бўлган етти кунликда об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар сешанба, чоршанба ва пайшанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутиляпти.