Вазирлар Маҳкамасида 31 январь куни «Давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Ҳужжатда таъкидланишича, 2023 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари ва порталларини «Ягона дарча» тамойили асосида ўз ичига олувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати портали ягона платформаси ишга туширилган.

Қарор билан «Uzinfocom» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор" масъулияти чекланган жамияти ягона платформа оператори ҳисобланади.

Давлат органларининг ягона платформага ўтказиладиган веб-сайтлари фаолиятини техник қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш бўйича сарф-харажатлар белгиланган тартибда тасдиқланган тарифларга мувофиқ давлат органлари билан платформа оператори ўртасида тузиладиган шартнома асосида мазкур давлат органларининг бюджетдан ташқари маблағлари, давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Бунда давлат органларининг веб-сайтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар оператор томонидан ягона платформани такомиллаштириш, техник қўллаб-қувватлаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун йўналтиради.

2025 йил 1 мартдан бошлаб давлат органларининг расмий веб-сайтлари фақатгина ягона платформада юритилади. Бунда янги ташкил этилган давлат органлари ўзларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини ташкил этилган санадан бошлаб бир ой муддатда ягона платформада йўлга қўяди.

Давлат органлари раҳбарлари ўз тузилмасининг расмий веб-сайти ягона платформада юритилиши учун шахсан масъул ҳисобланади.

Давлат органлари:

  • расмий веб-сайт ягона платформага ўтказилганидан сўнг бир ҳафта муддатда эски расмий веб-сайтлар домен манзилларини ҳамда веб-сайт ва ундаги маълумотларни сақлаб қолган ҳолда, ягона платформадаги расмий веб-сайтлар манзилига йўналтиради ёки уларнинг фаолиятини тўхтатади;
  • Ягона платформа оператори билан ягона платформага ўтказилган веб-сайтлар фаолиятини техник қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатишни, шунингдек, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўз ичига олувчи шартномани тузиш чораларини кўради.

«Киберхавфсизлик маркази» давлат унитар корхонаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ягона платформани ҳар олти ойда беғараз асосда киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиб борсин ҳамда киберхавфсизликни таъминлаш бўйича доимий мониторингни амалга оширади.

Ҳужжат билан давлат органларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини «Ягона дарча» тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати порталида йўлга қўйиш, юритиш, улардаги ахборот долзарблиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳукумат порталида жойлаштириладиган ахборотни давлат органлари томонидан тақдим этиш тартиби тўғрисида»ги низом ҳам тасдиқланди.

Мазкур низом «Ягона дарча» тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати портали ягона платформасида давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларини жойлаштириш, юритиш ҳамда улардаги ахборотнинг долзарблиги ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати портали ягона платформасида жойлаштириш учун давлат органлари томонидан ахборотни тақдим этиш тартибини белгилайди.

Мазкур низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

  • ташкилот кабинети — давлат органининг расмий веб-сайтини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни шакллантириш ва юритиш учун ягона платформадаги саҳифа;
  • технологик йўриқнома — ахборот тизимларидаги маълумотларни (ахборот ресурсларини) ўзаро алмашишни интеграция қилиш орқали маълумотларни тақдим этиш ва қабул қилишни тартибга солувчи технологик ҳужжат.
  • ягона платформа — Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати портали ягона платформаси;
  • ягона платформа оператори — «Uzinfocom» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор" масъулияти чекланган жамияти;
  • ягона платформани юритувчи — давлат органларининг ягона платформада жойлашган расмий веб-сайтларни юритиш учун масъул ходими.

Ягона платформада расмий веб-сайтларни юритиш

Давлат органининг ягона платформада жойлаштирилган расмий веб-сайти Ягона платформани юритувчи томонидан юритилади.

Ташкилот кабинетида ягона платформани юритувчи томонидан расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш учун қўшимча ходимларга ишлаш имконияти яратилиши мумкин. Бунда жойлаштириладиган маълумотларнинг тўғрилиги ва ишончлиги учун масъулият ягона платформа юритувчиси зиммасида бўлади.

Давлат органларининг расмий веб-сайтларини ягона платформада юритиш учун ташкилот платформа оператори томонидан ишлаб чиқиладиган ва фойдаланувчи кабинетида жойлаштириладиган платформа билан ишлаш бўйича йўриқнома асосида амалга оширилади.

Давлат органлари ўзларининг ягона платформада жойлаштирилган расмий веб-сайтларидаги маълумотларнинг долзарблигини мунтазам равишда таъминлайди.

Ягона платформада жойлаштирилган расмий веб-сайтлар қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилган ҳолда юритилиши ҳамда уларда жойлаштирилаётган маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар бўлмаслиги керак.

Ягона платформани юритувчи ягона платформада давлат органининг расмий веб-сайтини ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда юритиш бўйича тегишли чораларни кўриши ва таъминлаши лозим.

Ягона платформа оператори ягона платформанинг киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилишини таъминлайди.

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси давлат органлари томонидан расмий веб-сайтлар ўз вақтида янгиланиб борилиши юзасидан назоратни амалга оширади ҳамда ўтказилган назорат натижаларини таҳлил килади ва умумлаштиради, аниқланган камчиликлар ва қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма тайёрлайди, уларга тегишли чораларни кўриш бўйича давлат органларига киритади.

Ягона платформада ахборотни жойлаштириш учун тақдим этиладиган маълумотларни келишиш

Давлат органининг ахборот хизмати давлат органининг ички ҳужжатларида белгиланган муддатларда таркибий ва ҳудудий бўлинмалар томонидан такдим этилган ахборотни кўриб чиқади, умумлаштиради ҳамда давлат органи раҳбари билан келишган (имзоланган) ҳолда ягона платформа операторига такдим этиб боради.

Ягона платформа оператори давлат органи томонидан такдим этилган ахборотни умумлаштиради ва тегишлилиги бўйича бош вазир матбуот хизмати билан келишишга киритади.

Бош вазир матбуот хизмати Ягона платформа оператори томонидан ягона платформага жойлаштириш учун киритилган ахборотларни бир иш кунида келишиб беради. Ягона платформа оператори бош вазир матбуот хизмати билан келишилган ахборотларни ягона платформанинг тегишли бўлимларига жойлаштиради.

Ягона платформа оператори тизимнинг ишлаши, ахборот хавфсизлигининг таъминланиши, тизимдаги шахсга доир маълумотларга рухсатсиз киришнинг олдини олиш учун масъул ҳисобланади. Оператор тизимнинг ягона функционаллиги, хавфсизлиги ва долзарблигини таъминлаш учун ишончли техник ёрдам ва мунтазам янгиланишларни амалга ошириб боради.