Германияда россиялик тадбиркор Алишер Усмонов яшаган вилла сотувга қўйилди, деб хабар берди Münchner Merkur газетаси.
Объект 25 миллион еврога баҳоланди, бу уни 1996 йилдан бери Германияда кўчмас мулк савдоси бўйича маълумотларни тўплайдиган Immowelt агрегатор сайти тарихидаги энг қиммат кўчмас мулкка айлантирди. Вилла аввалги рейтинг етакчисидан деярли 10 миллион долларга қимматроқ. Уйда тўртта ётоқхона, 750 квадрат метрли ҳаммом ва 20 метрли бассейн мавжуд.
Тадбиркор Алишер Усмонов вилладан 2011 йилдан 2022 йил 28 февралгача — Европа Иттифоқи санкцияларига учраган ва Германияни тарк этишга мажбур бўлган пайтгача — ёзги қароргоҳ сифатида фойдаланган.
Сотиш тўғрисидаги қарорни Вольфратсҳаузен шаҳри суди қабул қилди. Арбитраж бошқарувчиси вилланинг Мэн оролида рўйхатдан ўтган Tegernsee (IOM) Limited офшор компаниясига тегишли эканини таъкидлади. Объект 2011 йилда 7,2 миллион еврога офшор томонидан сотиб олинган, шундан сўнг Усмонов уни ҳафтасига 77 минг евро тўлаган ҳолда компаниядан ижарага олган. Бироқ фирма тўловга қобилиятсиз бўлиб чиқди ва энди унинг мол-мулки қарзларни қоплаш учун сотилмоқда.
Усмонов билан боғлиқ Германиядаги кўчмас мулк объектларида 2022 ва 2023 йилларда тинтув ўтказилган. ОАВ маълумотларига кўра, иккала ҳолатда ҳам полиция «Дилбар» яхтаси ва Роттаҳ-Эгерндаги виллага келган. 2022 йилда терговчилар умумий қиймати 5 миллион евро бўлган ҳужжатлар ва 30 та расмни мусодара қилган.
Усмонов мазкур суратлар, шунингдек, тинтув ўтказилган яхта ва вилла билан алоқасини рад этди. Кейинчалик Германиядаги суд тинтувларни ноқонуний деб топди. 2023 йил ноябрь ойида Франкфурт-Майн суди мусодара қилинган мол-мулкни қайтаришга қарор қилди.