Президент Шавкат Мирзиёев Малайзия бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига биноан 4 февраль куни кечқурун расмий ташриф билан ушбу мамлакатга келди, деб хабар берди Ўзбекистон етакчиси матбуот хизмати.
Куала Лумпур халқаро аэропортида давлат раҳбарини Малайзия парламенти Вакиллар палатаси спикери Жоҳари бин Абдул, таълим вазири Замбри Абдулқодир ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Фахрий қоровул саф тортди, икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди.
Президент аэропортда Малайзия парламенти спикери билан учрашув ўтказди. Бўлажак олий даражадаги учрашувлар кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.
Парламентлар доирасида фаол ҳамкорлик ва алмашинувларни давом эттириш, ўзаро ташрифлар ва дўстлик гуруҳлари тадбирларини ташкил этиш, қонун ижодкорлиги масалаларида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, муҳим инвестициявий, инфратузилмавий, ижтимоий ва маданий-гуманитар дастурларни амалга оширишга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф дастурининг асосий тадбирлари эртага, 5 февраль куни бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон президенти ва Малайзия бош вазири олий даражада музокаралар ўтказади ҳамда Ўзбекистон-Малайзия бизнес форумида иштирок этади. Саммит якунида қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.