Бош прокуратура Тошкент ҳокимлигидан жамоатчиликни чалғитмаслигини сўради. Прокуратура бу мурожаатни Тошкент ҳокимлиги 20 нафар фуқаро номига катта миқдорда кредит расмийлаштириб, уни ишлатиб юборган ҳоким ёрдамчиси аввалроқ ишдан бўшаб кетгани ҳақидаги раддиясидан сўнг эълон қилди.

Ўзи нима бўляпти?

3 февраль куни Бош прокуратура Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси М.Ф. исмли шахс 20 нафар фуқарога электрон тарзда берган тавсияномаларига асосан, қабул қилиб олган электрон калитлардан фойдаланган ҳолда жами 427,7 миллион сўмлик кредит маблағларини қўлга киритганини хабар қилди.

Бундан ташқари М.Ф. ўзининг қариндошлари ва бошқа 5 нафар фуқарога маҳалла ҳудудида яшамаган бўлса-да, қалбаки тавсияномалар орқали жами 207,7 миллион сўм кредит ажратилишига эришиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Шу хабардан сўнг Тошкент шаҳри ҳокимлиги раддия эълон қилиб, бу шахс туман ҳокимлигида ишламаслиги, у 2024 йил ноябрь ойида ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатилганини таъкидлади.

«Оммавий ахборот воситаларидан ахборотни эълон қилишда ишончлилик, холислик ва масъулият тамойилларига амал қилишларини яна бир бор сўраб қоламиз», — дейилади ҳокимлик хабарида.

4 февраль куни эса Бош прокуратура М.Ф. 2022 йилнинг 7 октябрь кунидан 2024 йилнинг 29 ноябрь кунига қадар Шайхонтоҳур тумани «Камолон Дарвоза» маҳалла фуқаролар йиғинининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритиб, туман ҳокимининг 2024 йил 14 декабрдаги тегишли қарори билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинганини маълум қилди.

«Эндиликда ушбу хабар юзасидан ижтимоий тармоқларда жамоатчиликни чалғитишга қаратилган хабарлар ва баёнотлар эълон қилинмоқда. Ахборот ҳаққоний ва холис бўлиши зарур», — дея қўшимча қилган прокуратура.

Прокуратура М.Ф. айнан ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган даврида муқаддам эълон қилинган хабардаги қилмишларни содир этганини қайд этди.