Хитой Америка кўмири ва суюлтирилган табиий газ импортига 15 фоиз, нефть, қишлоқ хўжалиги техникаси ва двигатели катта бўлган автомобиллар импортига 10 фоизли бож жорий этади. Бу ҳақда Хитой Молия вазирлиги маълум қилди. Ўзгаришлар 10 февралдан бошлаб кучга киради.

Баёнотда, шунингдек, Хитой ҳукумати Google`га нисбатан монополияга қарши қонунчиликни бузиш бўйича тергов бошлагани ҳақида сўз борган.

Бундан ташқари, Пекин Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) АҚШ ҳаракатларидан шикоят билан мурожаат қилганини билдирди. «АҚШ тарифларининг бир томонлама оширилиши қоидаларни жиддий бузмоқда. Бу нафақат ўз муаммоларини ҳал қилиш учун фойдасиз, балки Хитой ва АҚШ ўртасидаги нормал иқтисодий ва савдо ҳамкорлигига ҳам путур етказади», — дейилади вазирлик баёнотида.

Шунингдек, Хитой вольфрам, теллур, висмут, молибден ва индий билан боғлиқ товарларга нисбатан экспорт назоратини кучайтирмоқда. Бу чоралар АҚШ президенти Трамп томонидан 2 февраль куни эълон қилинган Хитойдан импортга 10 фоизли бож жорий этилишига жавоб бўлди.

2 февраль куни Трамп Канада ва Мексикадан товарлар импортига 25 фоизли, Хитойдан импортга 10 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилганди. Божларнинг киритилиши «Мексика, Канада ва Хитойни ноқонуний иммиграцияни тўхтатиш ва заҳарли фентанил ва бошқа гиёҳванд моддалар оқимини тўхтатиш ҳақидаги ваъдаларини бажаришга мажбур қилиш» зарурати билан изоҳланган.

Эртаси куни Мексика президенти Клаудия Шейнбаум Трамп билан АҚШ билан чегарани кучайтириш эвазига божларни 30 кунга кечиктиришга келишиб олганини маълум қилди. Кўп ўтмай, Канада бош вазири Жастин Трюдо АҚШ президенти билан худди шундай кечиктириш ҳақида келишиб олди ва чегарани мустаҳкамлаш режасини амалга оширишга ваъда берди.