Диёр Разиқовнинг 20 йиллик ижоди давомида яратилган юзга яқин асари намойиш этилган жойни эътиборга арзигулик дейиш мумкин. 2008 йилда у ғоявий илҳом манбаи Ўзмиллийбанк галереясининг ўша пайтдаги директори, бундан ўн йил аввал оламдан ўтган Рустам Тошматов бўлган «5+1» рассомлар гуруҳига қўшилганди.

диёр разиқов, кўргазма, ўмб галереяси

«Диёр асарлари ҳар доим ихчамлиги ва жуда қизиқарли мазмуни билан ажралиб туради. У аста-секин ўз услубини, ўз стилини — самимийлиги ва оригиналлигини ривожлантирди. Замонавий санъатда буни амалга ошириш жуда қийин, бу ерда алоҳида ажралиб туриш учун кўп ҳаракат қилиш керак», — деди галереянинг ҳозирги директори Камола Акилова кўргазма очилишида.

Истиқболли истеъдод эгаси сифатида Разиқовнинг ижодий таржимаи ҳолида ўзбек реалистик мактаби классиклари Раҳим Аҳмедов ва Акмал Икромжонов билан рассомчиликни ўрганиш ўрин олган ва бу кейинги бадиий тажрибалар учун ажойиб асос бўлган. Рассом 2007 йилда IV Тошкент халқаро биенналесида маҳаллий абстракционизм усталари йилномасига киритилган. Буёғига эса — янада кўпроқ.

Диёр Разиқов.Диёр Разиқов.

«Механизмни ҳаракатга келтириш учун унинг қисмлари бирлашиши керак, тишли ғилдираклар керак. Менинг ишимда ҳам битта лойиҳа бошқаси билан алоқада, фикрни ҳаракатга келтиради. Ўз-ўзидан пайдо бўладиган лойиҳалар бор, яратишга кўп вақт кетадиганлари бор, лекин уларнинг барчаси бир-бирига боғланган, барчаси бир механизм — ижодкорлик билан озиқланади», — дея Диёр Разиқов «Газета.uz»га нафақат янги кўргазма номи, балки ўз бадиий қарашларини тушунтирди.

Кўргазмага ташриф буюрувчилар учун ҳам Разиқовнинг расмлари кўзни қамаштирадиган ва шахсий тасаввурларни яратадиган ўзига хос «тишли ғилдирак» бўлди. Шу маънода ижодкор санъатга ҳалол. У том маънода реалист, ҳозирги кўргазма эса, албатта, бу позицияни мустаҳкамлайди.

Рассомнинг расмларидаги мавҳумлик йўқликдан туғилганга ўхшайди. Масалан, «Лаҳза» лойиҳасида картинадаги чизиқлар ноталар йўлагига айланади, нуқталар гоҳ жаранглайдиган, гоҳ сокин тортадиган мелодия билан ёзилгандек. Ёки «Мозаика» лойиҳасида ранг майдонни тўлдиради, худди уста ошхонада ёки ҳовуз атрофига эҳтиёткорлик билан кафел плиталарини жойлаштираётгандек.

диёр разиқов, кўргазма, ўмб галереяси

Разиқовнинг «Соя ёки акс» мавзусидаги минимализми нафақат рамка ёки подрамкасиз ишланган, балки майдондаги букламалари билан ҳам ажралиб туради. Бу услуб орқали у кўргазма меҳмонларига санъат ва ҳаёт ўртасида чегара йўқлигини намоён қилади.

«Материал гапира бошлайди, ўз ҳиссиётларини билдиради, „табассум қилади“, „юзини буриштиради“. Ҳар бир асар, инсонлар каби, ўзига хос ички кечинмаларга эга», — деб тушунтиради рассом.

Разиқовнинг бадиий воситалар арсенали фақат бўёқлардан иборат эмас. Масалан, материални ўраш учун ишлатиладиган рулонларни қўлга олиш кифоя, янги инсталляция пайдо бўлади. Аммо агар асар остидаги ёзувни («Икки ранг») ўқисангиз, кўзларингизга ишонманг, чунки рассомнинг ўз эътирофига кўра, шунчалик берилиб кетганки, рулонларни ранг-баранг палитрада бўяб юборган.

диёр разиқов, кўргазма, ўмб галереяси

Ёки худди шу номдаги лойиҳа доирасидаги бахмал билан ранг ўйинлари чексиз ёруғлик талқинларини келтириб чиқаради. Рассомнинг дўстлари айтишича, айниқса, сабрсиз меҳмонлар ва ҳамкасблар ҳатто фактураланган материалда ўз бадиий изларини қолдиришга муваффақ бўлади. Ўзмиллийбанк галереясида бўлиб ўтаётган «Механизм» кўргазмасига ташриф буюрувчилар 22 февралгача Разиқовнинг мана шу мавҳум оламини жонлантириши мумкин.