Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси фуқаролар номига кўп миқдорда кредит ажратиб келгани аниқланди, деб хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.
М.Ф. 20 нафар фуқарога электрон тарзда берган тавсияномаларига асосан, қабул қилиб олган электрон калитлардан фойдаланган ҳолда жами 427,7 миллион сўмлик кредит маблағларини қўлга киритган.
У кредит ҳисобидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, жумладан, эҳтиёжманд оила аъзоларининг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятини йўлга қўйишни ташкиллаштирмасдан, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Шунингдек, М.Ф. ўзининг қариндошлари ва бошқа 5 нафар фуқарога маҳалла ҳудудида яшамаган бўлса-да, қалбаки тавсияномалар орқали жами 207,7 миллион сўм кредит ажратилишига эришиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.