3 февраль куни Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Riviera савдо мажмуасида ходим лифт тошлари қисиб қолиши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура маълум қилди.

Соат 11:10 да бинода фаррош бўлиб ишловчи Ш. М. (1979 й.т.) лифтнинг ҳаракатланиш шахтасидаги шиша ойналарни тозалаш жараёнида лифт эшиклари ёпилиб қолган ва лифт тепага қараб ҳаракатланишни бошлаган.

Шу вақтда қурилмани ҳаракатга келтирувчи тошлар пастга, яъни Ш. М. турган жойга қараб ҳаракатланган ва уни қисиб қолган, тушунтирди БП.

Аниқланишича, у Riviera савдо мажмуасида 2020 йил августидан буён ишлаб келаётган бўлган.

Ҳолат бўйича суд-тиббий экспертизаси тайинланди. Ҳозирда терговга қадар текширув ўтказилмоқда.