Ўзбекистонда яратилаётган иш ўринларининг сохталиги солиқ органларининг ахборот тизимлари орқали текширилади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 3 февраль куни президент билан учрашувдан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат олдига 2025 йилда 5,2 млн аҳолини банд қилиб, 1,5 млн одамни камбағалликдан чиқариш, 42 млрд доллар хорижий инвестиция жалб этиб, экспортни 30 млрд доллардан ошириш вазифаси қўйилган.

Бош вазир ўринбосари январь ойида 277 минг фуқаро ишли бўлгани, шундан 91 минги доимий ишга жойлашгани, 153 минги тадбиркорликка жалб қилинганини маълум қилди.

Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, томорқаларда «ҳали ишлатилмаган захиралар жуда катта». Ҳозир экин-текин мавсумига тайёргарлик кўрилаётган бўлса-да, мамлакатдаги 850 тадан ортиқ маҳаллада сув таъминоти йўқ. Президент қарори билан мазкур маҳаллалардаги сув муаммоси 1 мартга қадар ҳал этилади ва бунинг учун 250 млрд сўм маблағ ажратилади.

«Бу дегани қаердадир ариқдан тортиб келинади, қаердадир қўшимча насослар ковланади», — деди бош вазир ўринбосари.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарининг таъкидлашича, ҳар тўртта маҳаллага бир нафардан маҳалла банкири бириктирилган. Бугунги кунга қадар 2500 га яқин ана шундай банкирлар фаолиятини бошлаган.

«Зиммамизга жойларда ҳоким ёрдамчилари фаолиятига „янги бир туртки бериш“ вазифаси қўйилди. Улар катта куч, ҳар бир маҳаллада биттадан бор, 95 фоиздан ортиғи иқтисодчи. Улар кредит, субсидия, касб-ҳунарга ўқитиш учун йўлланма беришни билади. Энди биз уларнинг фаолиятига туртки бериб, жонлантиришмиз керак. Қандай қилиб? Масалан, томорқада ишларни ташкил қилишни, биринчи навбатда, ҳоким ёрдамчиларига юклаяпмиз. Умуман, маҳалладаги жами „еттилик“», — деди Қўчқоров.

Экиш жараёнини «Онлайн маҳалла» платформаси орқали кузатиш режалаштирилмоқда. 1 мартдан бошлаб кўчатлар экилган ёки экилмаганини электрон тарзда кўриш мумкин бўлади.

«Йиғилишда президентимиз яна бир қатъий топшириқлардан бири ҳудудларда бажарилаётган ишларнинг ҳар бирининг тўғрилиги, ҳаққонийлигини текшириш бўлди. Ҳозир амалдаги тартибга кўра, ҳар бир банд қилинган аҳоли тасдиғини Солиқ қўмитаси орқали оламиз. Февраль ойидан бошлаб Ҳисоб палатаси ҳам бу рақамларни кўриб боради ва тасдиқ беради», — деди вазир.

Бундан ташқари, президент мақсадли дастурлар ижроси юзасидан ҳар ой масъул мутасаддиларнинг ҳисоботларини эшитади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилдан буён 9309 нафар ҳоким ёрдамчилари иш бошлади, уларнинг вазифалари камбағалликни камайтириш ва тадбиркорликни ривожлантиришдан иборат.