Вазирлар Маҳкамаси 31 январь куни божхона йиғимларининг янги ставкаларини тасдиқлади, шунингдек, халқаро курьерлик жўнатмалари учун йиғимни жорий этди. Халқаро жўнатмалар учун йиғим 1 кг юк учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизини (7500 сўм) ташкил этади. «Газета.uz» Божхона қўмитасидан янги тартибни шарҳлашни сўради.

Янги йиғим нима учун жорий этилди?

Ҳозирги кунда фуқаролар учун бир календарь чораги давомида 1000 долларгача бўлган курьерлик жўнатмаларини божсиз олиб кириш меъёри амал қилмоқда (янги йиғимнинг жорий этилиши бу тартибни бекор қилмайди). Бу миқдор ошиб кетса, жисмоний шахслар бож тўлайди. Масалан, агар чорак давомида 1300 долларлик товарларга буюртма берилган бўлса, лимитдан ошиб кетган 300 доллар учун 30 фоиз (90 доллар) ягона божхона тўловини тўлаш керак бўлади.

Халқаро курьерлик жўнатмалари учун шу пайтгача қўшимча тўловлар ундирилмаган. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги йилларда бундай жўнатмалар ҳажми сезиларли даражада ошди, бу эса божхона инфратузилмасини модернизация қилиш ва ходимлар сонини кўпайтиришни талаб қилмоқда. 2019 йилда мамлакатга 541 мингта жўнатма олиб кирилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич деярли 11 баробарга ошиб, 5 млн 736 минг жўнатмага етди.

1 кг жўнатма учун БҲМнинг 2 фоизи миқдоридаги янги йиғим ушбу юкларни қайта ишлаш ва божхона расмийлаштируви билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплашга йўналтирилган, деб тушунтирди қўмита.

«Йиғимни жорий этиш божхона пунктлари инфратузилмасини қуриш ва модернизация қилиш, ходимлар ишини таъминлаш ва техник жиҳозлаш ишларини молиялаштириш зарурати билан боғлиқ. Бу курьерлик компанияларининг божхона юк декларацияларини расмийлаштириш билан боғлиқ ходимларнинг ҳаракатлари, шунингдек, олиб кирилган жўнатмаларга нисбатан назоратни ўтказиш учун йиғимдир», — дейилади хабарда.

Йиғим қайси товарларга татбиқ этилади?

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йиғим барча халқаро курьерлик жўнатмаларига, шу жумладан, интернет-дўконлардан (Amazon, AliExpress, Temu, Ozon, Wildberries ва бошқалар) буюртма қилинган товарларга нисбатан қўлланилади.

Шунингдек, бир жисмоний шахсдан бошқасига жўнатма юборилганда ҳам тўлов ундирилади. Масалан, фуқаро ўз қариндошларига (танишларига) жўнатма ёки совға юборса, курьерлик компанияси (DHL, FedEx, UPS ва бошқалар) йиғимни тўлаши керак бўлади.

Қўмита «камситиш бўлмаслиги» учун барча халқаро курьерлик жўнатмалари учун йиғим жорий этилаётганини тушунтирди.

Йиғимни ким тўлайди?

Қўмита вакили сўзларига кўра, йиғимни тўлаш курьерлик компаниялари зиммасига юкланади, улар жўнатмалар тўғрисидаги маълумотларни божхона органларига тақдим этади. Бу шуни англатадики, хориждан товарларни буюртма қилган фуқаролар йиғимни бевосита тўламайди, лекин у курьерлик хизматлари нархига киритилиши мумкин.

«Курьерлик компаниялари юридик шахс сифатида ушбу йиғимни тўлаши шарт. Улар буни ўз хизматлари нархига қўшадими ёки йўқми, бу уларнинг тижорат сиёсатига боғлиқ», — дея тушунтириш берди вакил.

Қўмита маълумотларига кўра, ўтган йили курьерлик жўнатмаларининг 70 фоизи 1 килограммгача, 22 фоизи эса 5 килограммгача бўлган. Шундан келиб чиқсак, ушбу йиғим миқдори курьерлик ташкилотларининг молиявий харажатларига жиддий таъсир этмайди, деб ҳисобламоқда идора.

Яширин импортга қарши кураш

Таъкидланишича, йиғимнинг жорий этилиши курьерлик жўнатмаларини расмийлаштиришни тезлаштириш ва сифатини яхшилашдан ташқари, шахсий эҳтиёжлар ниқоби остида тижорат товарларини ноқонуний олиб киришга чек қўйишга ҳам қаратилган.

«Шунингдек, божхона органлари томонидан 2025 йилда халқаро курьерлик жўнатмаларининг тез ва сифатли божхона назоратидан ўтказилишини таъминлаш мақсадида янги ахборот дастурларини ишлаб чиқиш, тегишли божхона постларини замонавий назорат техник воситалари билан жиҳозлаш ва янги инфратузилма яратиш ҳамда фуқаролар учун жўнатмаларни кузатиш ва хавфсиз қабул қилиш тизимини жорий қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — дейилади қўмита хабарида.