Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилди. Қонун 21 январь куни биринчи ўқишда қабул қилинганди.

Қонун лойиҳаси билан сотувчи истеъмолчига шартномада кўрсатилган муддатларда товарни топширмаган тақдирда, мажбуриятни бажарилмаган қисмига 0,5 фоиз миқдорида пеня тўлаши назарда тутилмоқда.

Бунда пеня суммаси етказиб берилмаган товарлар баҳосидан ортиқ бўлмаслиги, пеняни тўлаш шартнома мажбуриятларини бузган сотувчи товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юбориш, тўлиқ етказиб бермаслик оқибатида етказилган зарарни қоплашдан озод этмаслиги белгиланяпти.

Бундан ташқари, сотувчи товарларни истеъмолчига топширишнинг кечикиши истеъмолчининг айби билан содир бўлганини исботласа, пеня тўлашдан озод этилиши кўзда тутилмоқда.