Ўзбекистонда 2025 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 669 минг сўмни ташкил этди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Статистика агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълумот ўрнида, жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:
- давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
- камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
- пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.
Маълумот ўрнида, 2024 йил давомида Ўзбекистонда камбағаллик чегараси икки марта оширилди. Дастлаб йил бошида бу миқдор 568 минг сўмдан 621 минг сўмгача оширилган бўлса, 1 майдан газ ва электр энергияси тарифлари ошиши муносабати билан у яна 4,3 фоизга ошди — ойига 648 минг сўмгача. Йиллик ҳисобда кўрсаткич 7,7 фоизга кўтарилди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил Ўзбекистонда расмий инфляция 9,8 фоизни ташкил этиб, Марказий банк кутилмаларидан юқори шаклланди.
Вазирлар Маҳкамасининг минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартиби бўйича қарорида Статистика агентлиги минимал истеъмол харажатлари ва камбағаллик даражасини ҳар йилги ҳисобот йилида инфлация даражасидан келиб чиқиб, кейинги йилнинг 20 январига қадар эълон қилиб бориши белгиланган.