АҚШ президенти Дональд Трамп Украина ҳукумати билан Киев Америка ёрдами эвазига нодир металларни етказиб бериши бўйича келишув имзоламоқчи эканини маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters ва New York Times.
«Биз Украина билан битим тузмоқчимиз, унинг доирасида улар биз уларга берган нарсаларни нодир металлар ва бошқа нарсалар эвазига олишади», — деди Трамп 3 февраль куни Оқ уйда журналистлар билан мулоқот чоғида.
Reuters нашрининг таъкидлашича, Трамп «нодир металлар» атамасини барча турдаги муҳим минералларни ёки фақат нодир ер металларини ифодалаш учун ишлатгани аниқ эмас.
Нодир металлар — электромобиллар, мобил телефонлар ва бошқа электроника ишлаб чиқаришда қўлланадиган магнитлар тайёрлаш учун ишлатиладиган 17 та металл гуруҳидир.
Украина уран, литий ва титаннинг катта захираларига эга, улар муҳим минераллардир, аммо нодир металлар эмас. Украина расмийларининг маълумотларига кўра, мамлакатда 20 дан ортиқ муҳим минераллар конлари мавжуд, аммо захираларнинг бир қисми Россия Украинада босиб олган ҳудудларда қолмоқда.
Нодир ер минералларига қизиқиш билдирар экан, Трамп мамлакат президенти Владимир Зеленскийдан келган таклифни қўллаб-қувватлайди, деб ёзади NYT.
Зеленскийнинг айтишича, Украинани ҳимоя қилишда ёрдам бериш Американинг иқтисодий манфаатларига жавоб беради, чунки унинг мамлакати АҚШ саноатини рағбатлантириши мумкин бўлган муҳим минералларга бой.
Юқори мартабали украиналик амалдорнинг NYT нашрига айтишича, Украина АҚШ билан нодир ер минералларига оид битимлар бўйича ишлашга тайёр — агар АҚШ ушбу ресурслар Россия қўлига тушмаслиги учун етарли хавфсизлик кафолатларини тақдим этса.
Украина ўтган йил охирида Жо Байден маъмурияти билан фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзолашни режалаштирган эди, деб таъкидлайди нашр. Бироқ Украина расмийлари Трамп билан шартнома тузиш учун унинг лавозимга киришини кутиб, ҳужжатни имзолашни кечиктирди.
Декабрь ойида Украина ҳукумати делегацияси Вашингтонда америкалик ишбилармонлар билан учрашиб, муҳим фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун лицензияларни сотиб олишни ўз ичига олган потентсиал келишувларни тақдим этди, деб ёзади NYT газета билан танишган тақдимотга асосланиб.
- 2024 йил октябрь ойида Зеленский Украинанинг Россия билан урушдаги «ғалаба режаси»ни тақдим этганди. Режанинг бир бандида Киев Европа Иттифоқи ва АҚШга Украинадаги мавжуд муҳим ресурсларни ҳимоя қилиш, шу жумладан, уларни ишлаб чиқиш ва ишлатишга сармоя киритиш бўйича келишув тузишни таклиф қилмоқда.