Президент Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни йирик транспорт инфратузилмаси лойиҳалари бўйича ҳисобот билан танишди.

Тошкент-Андижон

Жаҳон банки иштирокида Тошкент-Андижон муқобил йўли лойиҳалаштирилди. 314 км узунликдаги тезюрар магистраль икки шаҳар ўртасидаги йўл вақтини 5 соатдан 3 соатгача қисқартириши, ЙТҲ сонини 40 фоизга камайтириши ва ЯИМни 2,6 фоизга ошириши кутилмоқда

«Бу 10,5 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган водийни пойтахт билан боғловчи артерия бўлади. Шу боис президент бу лойиҳанинг муҳимлигини яна бир бор таъкидлади», — деди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Январь ойида ҳукумат халқаро тендер эълон қилди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2025 йил 21 январда тасдиқланган лойиҳа концепциясига кўра, биринчи босқичда 171 км узунликдаги трасса Тошкентдан Ангрен ва Қамчиқ довонидан ўтади.

Лойиҳа учун хусусий ҳамкор танлов асосида танланади. Тендер икки босқичда ўтказилади: аввал дастлабки малака танлови бўлиб ўтади (у 2025 йил 21 апрель, Тошкент вақти билан соат 18:00 гача давом этади), сўнгра техник ва молиявий таклифлар тақдим этилади.

Вазирнинг сўзларига кўра, 30 дан ортиқ хорижий компаниялар лойиҳага қизиқиш билдирган. «Жорий йилда қурилиш ишларини бошлаймиз», — деди Маҳкамов.

Октябрь ойида транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев йўлнинг қурилиш муддати 6 йил 3 ой бўлишини айтганди. Йўналишнинг 64 фоизи янги, 36 фоизи реконструкция қилинади. Трасса узунлиги 314 км бўлиб, I-а (автомагистраль) тоифасига киради ва олтита йўлакдан иборат бўлади.

Лойиҳа уч босқичдан иборат бўлиши кутилган эди: биринчи босқичда узунлиги 78 км бўлган Тошкент-Ангрен, иккинчи босқичда Ангрен-Поп (93 км), учинчи босқичда Поп-Андижон (143 км) участкаси қурилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг тендер эълонидан маълум бўлишича, биринчи ва иккинчи босқичлар бирлаштирилди. Йўл цемент-бетон қопламали бўлади.

Лойиҳа қиймати 4,28 млрд доллар (2023 йил номинал нархларида) деб баҳоланмоқда. Йўл қурилиши бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим 49 йил давомида амал қилади. Йўл қурилиши дастлаб 2026 йилда бошланиб, 2032 йилда якунланиши керак эди.

Тошкент-Самарқанд

Транспорт вазири, шунингдек, 2025 йилда Тошкент ва Самарқанд ўртасида пулли трасса қурилишини бошлаш режалари ҳақида гапирди. Гап умумий узунлиги 300 км бўлган олти тасмали йўл ҳақида бормоқда.

«Барча лойиҳавий ҳужжатлар якунлаб, тендер ишларини амалга оширяпмиз. Бу йил ушбу лойиҳа бўйича ҳам қурилиш ишлари режалаштирилган. Ҳурматли президентимиз ушбу икки йўлда қурилишни тезроқ бошлаш учун тендерни барча қоидаларга риоя қилган ҳолда, лекин ортиқча вақт сарфламасдан ўтказиш вазифасини қўйди», — деди у.

2024−2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш тўғрисидаги қарорга кўра, ўтган йилнинг декабрь ойида пудратчини аниқлаш, у билан шартнома тузиш ва қурилишни бошлаш режалаштирилганди. Ишларни 2028 йил охиригача якунлаш, кейин эса бошқарувни ДХШ асосида хусусий операторга ўтказиш режалаштирилган. Тошкент-Самарқанд йўлининг дастлабки нархи 2,2 млрд долларни ташкил этади.

Давлат раҳбари Транспорт вазирлигига муқобил ва бошқа йўналишларда йўллар қуриш, йўлларда қулайлик ва хавфсизликни ошириш, турли пуллик хизматларни йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берди.