Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни йирик транспорт инфратузилмаси лойиҳалари, жумладан, Трансафғон темирйўли бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот билан танишди.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг «Ўзбекистон 24» телеканалига маълум қилишича, лойиҳа Афғонистон орқали Покистон ва Эрон портларига етиб бориш учун 80 километрлик участкани кенгайтиришни ўз ичига олади.

Унга кўра, давлат раҳбарига танланган майдон ва лойиҳа донорлари билан ишлаш ҳақида маълумот берилди.

«Ўтган йил охирида муҳтарам президент ташаббуси билан амалга оширилаётган Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўли лойиҳаси қурилишига старт берилган бўлса, бу йил Трансафғон темирйўли қурилишини бошлаш кўзда тутилган», — деди у.

Лойиҳа ҳақида

2021 йил февраль ойида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон Тошкентда «Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» темирйўли қурилиши бўйича йўл харитасини имзолаган эди. Лойиҳани май ойида тайёрлаш ва йўл қурилишини 2021 йил сентябрь ойида бошлаш режалаштирилганди. Аммо Афғонистонда ҳокимият алмашгани уни секинлаштирди. Бироқ декабрда Афғонистон муваққат ҳукумати унга қўшилди. 2022 йилнинг 18 июлида мамлакатда Трансафғон темирйўлининг йўналиши ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини аниқлаш бўйича экспедиция ишлари бошланди.

Ўзбекистоннинг «Боштранслойиҳа» институти йўл қурилиши қийматини 4,6 миллиард долларга, Покистон 8,2 миллиард долларга баҳолаган. ОАВ хабарларига кўра, лойиҳа 4,8 миллиард доллардан 6 миллиард долларгача баҳоланмоқда. У йилига 20 миллион тоннагача юк ташиш имкониятига эга 573 км узунликдаги магистрал қуришни назарда тутади. Янги транспорт йўлаги Европа Иттифоқи, Россия, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва ундан кейин Жануби-Шарқий Осиё давлатларини боғлаши керак.

Темирйўл қурилиши камида 5 йил давом этиши кутилмоқда.

Ўтган йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида автомобиль йўли қурилишини мувофиқлаштирувчи лойиҳа бюроси очилган эди, 2023 йилда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш режалаштирилган эди.

2023 йил августида президент Афғонистон орқали ўтадиган темирйўл Жанубий Осиёга «энг маъқул, арзон ва хавфсиз йўл» бўлишини таъкидлаганди.

«Тасаввур қилинг, Худо хоҳласа, шу кунлар барибир келади, иккита темирйўл қурилса, иқтисодиётимиз қандай барқарор бўлади. Биз бировга қарам бўлмаймиз. Агар мана шу иккита катта темирйўл бўлса, биз ҳам тариф орқали манфаат кўрадиган давлатга айланамиз», — деганди Шавкат Мирзиёев.

Ўтган йилнинг июлида Транспорт вазирлиги вакили «Газета.uz»га берган интервьюсида лойиҳа иштирокчилари техник қисм ва молиялаштириш учун ҳамкорларни таклиф қилиш устида иш олиб бораётгани ҳақида хабар берган эди.

«Ҳамкорлар пули ҳали тўлиқ шаклланмаган. Асосий иштирокчилар — Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон. Бу ерда худди Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўли лойиҳасида бўлгани каби консорциум тузилади ва ўша консорциум кейинчалик салоҳиятли инвесторлар ва ҳамкорлар билан ишлайди. Албатта, бу янада мураккаб лойиҳа. Асосий масала — хавфсизлик ва кириш муаммоси. Умуман, биз Афғонистон қисми бўйлаб йўналишни аллақачон тасдиқлаганмиз, бироқ қўшимча тадқиқотлар олиб борилмоқда. Баъзи оғишлар ва тузатишлар бўлиши мумкин», — деганди ўшанда суҳбатдош.

Бундан ташқари, халқаро молия институтларининг молиялаштириши ва иштирок этиши масаласи очиқлигича қолмоқда. «Улар иштирок этишга тайёрдек кўринмоқда, бироқ бошқа томондан, Афғонистон ҳукумати ҳали тан олинмаган. Мана шу энг ҳал қилувчи масала», — таъкидлаганди аввалроқ Транспорт вазирлиги.