Канада бош вазири Жастин Трюдо ўз ижтимоий тармоқларида АҚШ президенти Дональд Трамп билан Канада товарларини Америкага импорт қилишда божларни камида 30 кунга тўхтатишга келишиб олганини маълум қилди.

Трюдонинг сўзларига кўра, у Трамп билан «яхши мулоқот олиб борган». Энди Канада 1,3 миллиард долларлик режани амалга оширади — чегарани янги вертолётлар, технологиялар ва ходимлар билан мустаҳкамлайди, америкалик ҳамкорлар билан мувофиқлаштириш ишини яхшилайди ва фентанил гиёҳванд моддаси оқимини тўхтатиш учун ресурсларни кўпайтиради. Трюдо чегарани ҳимоя қилишда 10 мингга яқин одам иштирок этишини ваъда қилди.

Бундан ташқари, Канада бош вазири фентанил муомаласи бўйича алоҳида лавозим тайинлаш юзасидан янги мажбуриятларни ўз зиммасига олишга, шунингдек, картелларни террорчилар рўйхатига киритишга, хорижда кеча-ю кундуз кузатувни таъминлашга ва уюшган жиноятчилик, фентанил ва пул ювиш билан курашиш учун Канада-Америка кучларини ишга туширишга ваъда берди.

«Мен, шунингдек, уюшган жиноятчилик ва фентанил бўйича янги разведка директивасига имзо чекдим ва биз уни 200 миллион доллар билан қўллаб-қувватлаймиз», — дея қўшимча қилди Трюдо.

Трамп ўзининг TruthSocial ижтимоий тармоғида таъкидлашича, Канада шимолий чегара хавфсизлигини таъминлашга «ва ниҳоят, гиёҳванд моддаларнинг ҳалокатли офатига чек қўйишга» рози бўлган. «Мен ушбу дастлабки натижадан жуда мамнунман ва шанба куни эълон қилинган божлар Канада билан якуний иқтисодий битимни тузиш мумкинлигини кўриш учун 30 кунга тўхтатилади», — дея қўшимча қилди у.

2 февраль куни Трамп Канада ва Мексикадан товарлар импортига 25 фоизли, Хитойдан импортга 10 фоизли бож жорий этилишини эълон қилди. Божларнинг киритилиши «Мексика, Канада ва Хитойни ноқонуний иммиграцияни тўхтатиш ва заҳарли фентанил ва бошқа гиёҳванд моддалар оқимини тўхтатиш ҳақидаги ваъдаларини бажаришга мажбур қилиш» зарурати билан изоҳланган.

Эртаси куни Мексика президенти Клаудия Шейнбаум Дональд Трамп билан музокаралар натижасида божларни 30 кунга кечиктириш бўйича келишувга эришганини билдирди. Мексика ҳам АҚШ билан чегарада гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши курашни кучайтириш ва хавфсизлик ва икки томонлама савдо масалалари бўйича биргаликда ишлашни бошлаш учун 10 минг нафар миллий гвардия жангчисини юборишга ваъда берди.