«Ўзгидромет»нинг февраль ойи учун тақдим этган об-ҳаво прогнозига кўра, ойнинг биринчи ўн кунлиги, катта эҳтимол билан, қуруқ ўтади. Жумладан, ойнинг биринчи беш кунлиги қуруқ, кечалари 0…-5 даража совуқ, кундузи +3…+8 даража илиқ бўлади.

6−7 февралга келиб ҳаво нисбатан илиқлашиб, кундузи 12−15 даража илиққача, шимолда 5−8 даража илиққача кўтарилади. Кейинчалик, ойнинг охиригача, ҳарорат кечалари 2−7 даража илиқдан 3−8 даража совуққача, кундузи 10−15 даража илиқдан 0−5 даража илиққача, шимолда кечалари 3 даража илиқдан 8−13 даража совуққача, кундузи 5−10 даража илиқдан 0−5 даража совуққача ўзгариб туриши кутиляпти.

Биринчи ўн кунлик сўнгида асосан ёмғир ёғиши, иккинчи ва учинчи ўн кунликнинг ҳар 2−3 кунида ёмғир-қор ёғиши прогноз қилинган. «Ўзгидромет»нинг қўшимча қилишича, февралда Ўзбекистонда ойлик ёғингарчилик миқдори ўртача кўп йиллик қийматлардан кўп бўлмайди — яъни, февраль қуруқ бўлади.

«Ўзгидромет» ўз прогнозида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати бўйича февраль совуқми, меъёрийми ёки илиқ бўладими — бу каби кутилмаларни очиқламаган.

Йилнинг энг совуқ учинчи ойи

Февраль Ўзбекистонда январь (энг совуқ) ва декабрь (январдан илиқроқ, февралдан совуқроқ) ойларидан кейинги учинчи энг совуқ ой ҳисобланади. Февралда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати жанубий вилоятларда (хусусан, Шеробод метеостанциясида) +8 даражагача илиқни, баланд тоғли ҳудудларда (хусусан, Ойгаинг метеостанциясида) эса -8,3 даражагача совуқни ташкил этади. Таққослаш учун, февраль йилнинг энг совуқ ойи ҳисобланган январдан 2 даража илиқроқ.

Шунга қарамай, февралда ҳам аномал совуқ кунлар кузатилиб туради. Масалан, бир сафар Устюртда ҳаво ҳарорати -40 даражагача пасайиб кетган.

Февралнинг учинчи ўн кунлигида жуда кўп ҳолларда баҳорий илиқ муҳит кузатилади. Масалан, кўп йиллик ўртачалаштирилган маълумотларга кўра, Сурхондарёнинг Шеробод ва Денов туманларида баҳорий ҳарорат муҳити айнан февралнинг учинчи ўн кунлигидан бошлаб кузатилади.

Айни дамда, Ўзбекистонда сўнгги етти йилликдаги февраллар иқлимий меъёрдан юқори, яъни «илиқ» келаётганини таъкидлаб ўтиш даркор.

Манба: «Ўзгидромет»Манба: «Ўзгидромет»

Ўзбекистонга қўшни мамлакатларда февралда кутилаётган об-ҳаво

Узоқ муддатли об-ҳаво прогнозларини тақдим этишда қўшни мамлакатлар об-ҳаво бюролари прогнозларига эътибор қаратиш анъанасига бу сафар ҳам содиқ қолдик. Айниқса, йилнинг совуқ даврида шимолий мамлакатлар об-ҳавоси биз учун ҳам қизиқ, ҳам муҳим. Ўзбекистонга совуқ ҳаво оқимлари асосан Россия ва Қозоғистондан кириб келиши инобатга олинса, ушбу икки мамлакатдаги вазиятни чуқур таҳлил қилиш керак.

Қишнинг учинчи ойидаги аномал совуқликлар асосан Россиядан кириб келиши сабаб, «Росгидромет»нинг февраль ойи учун кутилмаларига назар соламиз.

«Росгидромет» февраль ойида Россиянинг Европа қисмида ой давомида ҳарорат сезиларли даражада юқори илиқ, фақат Россиянинг шарқий ва Сибирь ҳудудларининг катта қисмида совуқ бўлишини прогноз қилган. Рус синоптиклари ёғингарчилик режими бўйича Россиянинг аксарият қисмида меъёрий ёғингарчилик, Кавказ минтақаси, Хитой билан чегарадош ҳудудлар ҳамда шарқий ўлкаларда қуруқ бўлишини маълум қилган.

Рус синоптиклари Ўзбекистон учун ҳам ойлик ҳарорат ва ёғиннинг ойлик нормага нисбатан четланишларини ҳисоблаб чиққан. Бу прогнозга кўра, Ўзбекистонда февралда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати ва ёғингарчилик меъёр даражасида бўлади.

Шуни таъкидлаш керакки, «Росгидромет» томонидан аналог усул асосида ҳисобланган йилнинг совуқ даври учун ҳарорат режими прогнозларининг рўёбга чиқиши даражаси сўнгги 15 йилда 63 фоиздан 81 фоизгача ўзгариб турган.

«Қазгидромет» илмий тадқиқот институти ходимларининг 2024−2025 йил қиш мавсуми учун ишлаб чиққан маслаҳатомуз прогнозига кўра, февралда Қозоғистоннинг катта қисмида ойлик ҳарорат меъёрдан 1 даражадан юқори, яъни «илиқ», шимолий ҳудудларида меъёр атрофида бўлиши келтирилган. Ёғингарчилик режими бўйича эса мамлакатнинг катта қисмида меъёрдан кўп ёғингарчилик бўлиши прогноз қилинган.

Манба: «Қазгидромет»Манба: «Қазгидромет»

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, қозоқ иқлимшунослари мазкур узоқ муддатли мавсумий прогнозни 2024 йил ноябрь ойи охирида ишлаб чиққан. Яқин кунларда февраль учун ҳаво ҳароратининг ҳар ўн кунлик даврда турли диапазонларда ўзгариши билан боғлиқ янада аниқроқ прогноз ишлаб чиқиши кутиляпти.

«Қирғизгидромет» хизмати томонидан Қирғизистонда февралда ойлик ҳарорат иқлимий меъёрдан 1 даража юқори, яъни «илиқ» бўлиши тахмин қилинган. Қирғизистоннинг Фарғона водийсидаги Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида эса ўртача ҳарорат ой давомида −1…−3 даража совуқ бўлиши маълум қилинган.

Манба: «Meteo.kg»Манба: «Meteo.kg»

Қирғизистонда февралда ёғингарчилик режими иқлимий меъёр атрофида бўлиши, Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларда ой давомида умумий 4 миллиметрдан 50 миллиметргача ёғингарчилик кузатилиши прогноз қилинган.

Манба: «Meteo.kg»Манба: «Meteo.kg»

Ўзбекистонда февраль ойида кутилаётган об-ҳаво

«Ўзгидромет», халқаро об-ҳаво марказлари, қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия об-ҳаво бюро прогнозлари асосида Ўзбекистонда февраль ойида ҳаво ҳарорати режими кўплаб ҳудудларда иқлимий меъёр даражасида бўлиши, айрим ҳудудлардагина иқлимий меъёрдан паст кутилаётганини таъкидлаш мумкин.

«Ўзгидромет» ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига таяниб, февраль ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати меъёр атрофида, шимолда меъёрдан бироз паст ҳамда тоғли ҳудудларда меъёрдан юқори, иккинчи ўн кунлигида меъёрдан паст ва айрим ҳудудларда меъёр, учинчи ўн кунлигида эса меъёр атрофида, шимолда меъёрдан паст бўлишини тахмин қилиш мумкин.

Оддий қилиб айтганда, февраль ойи Ўзбекистоннинг катта қисмида кўп йиллик иқлимий меъёр атрофида ва айрим ҳудудларда ундан пастроқ ҳарорат фонини беради. Кўп йиллик иқлимий меъёр қиймати эса сўнгги 30 йилликдаги февраль ойларида кузатилган ўртача ҳарорат қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Шундай қилиб, ойнинг биринчи ўн кунлиги меъёрий, иккинчи ўн кунлиги совуқроқ ва учинчи ўн кунлиги яна меъёр атрофидаги ҳароратни тақдим этади. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, иккинчи ўн кунликда Қорақалпоғистон Республикасининг айрим ҳудудлари, учинчи ўн кунликда Бухоро ва Самрқанд вилоятлари ҳамда Навоий вилоятининг жанубида совуқлик тўлқинлари кучлироқ кузатилиб, бу айнан мана шу ҳудудларда умумий ойнинг ҳам совуқроқ ўтишини таъминлайди.

Бу каби кутилмалардан келиб чиқиб таъкидлаш мумкинки, 2025 йилда қишлоқ хўжалигида дов-дарахтларнинг уйғониб кетиши билан боғлиқ эрта вегетация ҳодисаларига, катта эҳтимол билан, гувоҳи бўлмаймиз. Баҳор бошида айнан шимолдан совуқ ҳаво оқимларининг тўсатдан «бостириб келиши» хавфи мавжуд бўлган давр учун бу жуда ҳам яхши шароит ҳисобланади.

Ёғингарчилик бўйича кутилмаларда ҳам республика бўйлаб февраль давомида ҳудудларга шу ой учун хос меъёрий қийматдан камроқ ёғин тушиши тахмин қилиняпти. Биринчи ўн кунликда республика бўйлаб қуруқ, тоғларда яна ҳам камроқ ёғингарчилик, иккинчи ўн кунликда шимолий ҳудудлардан ташқари (шимолда қуруқ) меъёрий ёғингарчилик, учинчи ўн кунликда эса жанубий вилоятлар, водий, тоғлар, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида кўпроқ ёғингарчилик бўлишини тахмин қилиш мумкин. Ушбу декадада шимолий ҳудудларда меъёрдан кам, бошқа ҳудудларда меъёрий ёғингарчилик бўлиши прогноз қилинмоқда.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда февралнинг биринчи ўн кунлигида ёғинлар анча кам, иккинчи ўн кунлигида меъёрий ва учинчи ўн кунликда эса меъёрдан бироз кўпроқ ёғингарчилик кузатилиши кутиляпти.

Тоғларда қор қандай?

Февралда тоғларимизга бироз камроқ ёғин тушиши кутилаётганидан келиб чиқиб, тоғлардаги қор захираси билан боғлиқ вазият қандай эканини қисқача кўриб чиқсак. Чунки айнан февралда тоғларга ёққан қор 2025 йилнинг суғориш даври учун катта аҳамиятга эга.

Бунинг учун Марказий Осиё мамлакатлари об-ҳаво бюроларининг тоғларда қор қоплами ҳолатидан келиб чиқиб, дарё ва сойларда мавсумий сув оқимини прогноз қилишдаги энг ишончли усулларидан бири — масофадан қор қопламини мониторинг қилиш бўйича «Modsnow» дастури маълумотларини кўриб чиқамиз.

Дастурнинг кузатув маълумотларига кўра, 2025 йил 1 февраль ҳолатига Амударё, Норин ва Зарафшон каби дарёларнинг юқори тоғ ҳавзаларида қор захираси кўп йиллик меъёрдан кам, Қорадарёда эса меъёр атрофида тўпланган. Амударё ва Зарафшон дарёларида қор захирасининг ҳавза учун сўнгги 25 йилликдаги энг кам кўрсаткичли йилга жуда яқин. Ушбу вазиятдан келиб чиқиб, сув ресурсларини бошқариш масалаларини пухта режалаштириб олиш даркор.

Кўпчиликда 2025 йилда сув билан боғлиқ вазият қандай бўлади, деган саволлар туғилиши табиий. Бунинг учун Тинч океани марказидаги Эль-Ниньо ва Ла-Нинья ҳодисаларининг шаклланиш «табиати»га қараш керак.

Халқаро миллий океан ва атмосфера маркази маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 31 январь ҳолатига Тинч океани марказий қисмида сув ҳароратининг кескин пасайиши билан боғлиқ вазият ривожланган. Бу тўлиқ Ла-Нинья ҳодисаси юз бераётганини англатиб, яқин икки ойда минтақамизда кам ёғингарчилик кузатиладиган шароитга сабаб бўлади.

иқлим, об-ҳаво маълумотлари, об-ҳаво шарҳи, эркин абдулаҳатов

Чунки бундай шароитда Атлантика океанидан кириб келадиган нам ҳаво циркуляциялари минтақамиздан шимолроқдан ўтиб кетади, оқибатда ҳудудларимизга камроқ ёғин тушади. Бу тоғли ҳудудларимиз учун айниқса салбий ҳолатдир.

Кейинги шарҳимизда 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда кутилаётган иқлим, вегетация даври боши ва ўртаси учун тахминий иқлим шароитига доир маълумотларни тақдим этамиз.