Жиноят ишлари бўйича Чуст тумани суди раиси Жаҳонгир Якубхўжаев ёрдамчиси Шоҳжаҳон Яхшибоевни калтаклаб, унга жароҳат етказган. Бу ҳақда Kun.uz хабар қилди.

Ҳолат 2025 йилнинг 18 январ куни содир бўлган. Суд раиси Жаҳонгир Якубхўжаев ёрдамчиси Шоҳжаҳон Яхшибоевни ўзининг хизмат хонасида калтаклаган. Жароҳат олган ёрдамчи Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Тиббий маълумотномада Яхшибоев юз соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши тан жароҳати олгани кўрсатилган.

Бош прокурорнинг матбуот котиби нашрга ҳодиса юз берганини тасдиқлаган ва ҳолат юзасидан Чуст туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Судьялар олий кенгаши эса хизмат текшируви тайинланганини маълум қилди. Текширув якуни бўйича қўшимча ахборот берилиши таъкидланган.