Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 29 январь куни жисмоний шахсларнинг ҳаракатланиши, товарлар ва транспорт воситаларини давлат чегараси орқали олиб ўтиш жараёнларини соддалаштириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ҳужжатга кўра, чегарани кесиб ўтаётган фуқароларнинг ҳаракатланишини автоматлаштириш мақсадида божхонадан тезкор ўтиш (Fast Track) тартиби жорий этилади.
Хизматдан фойдаланиш учун жисмоний шахслар ёки юридик шахсларнинг вакиллари ўтказиш пунктига етиб келгунига қадар Божхона қўмитасининг расмий веб-сайти ёки электрон тўлов тизимлари орқали ёхуд чегарани кесиб ўтишда оғзаки мурожаат қилишлари мумкин.
Тўлов муваффақиятли амалга оширилгандан сўнг ариза берувчи QR кодли электрон талон олади, у расмийлаштирилган пайтдан бошлаб бир йил давомида амал қилади.
Агар ариза бевосита назорат-ўтказиш пунктида топширилса, тўлов банк бўлимлари орқали амалга оширилади. Хизмат учун ҳақ тўланмаган тақдирда, фуқаро умумий навбатга йўналтирилади.
Хизматдан фойдаланувчилар божхона назоратидан махсус ажратилган ҳудудларда (йўлаклар, VIP заллар ва бошқалар) навбатсиз ўтказилади. Қолган шахсларга умумий навбат тартибида хизмат кўрсатилади.
Хизмат ҳақи бир киши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизини (ҳозирги кунда 56 250 сўм) ташкил этади. Тўлов мобил иловалар ёки назорат-ўтказиш пунктидаги банк бўлимлари орқали амалга оширилади.
Хизмат вояга етмаганларга (18 ёшгача), шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ва ҳаракатланиш имконияти чекланган фуқароларга бепул кўрсатилади.
Йиғилган маблағларнинг 80 фоизи Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона органларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш махсус жамғармасига, 20 фоизи Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳисобига йўналтирилади.
Fast Track хизмати доирасида фойдаланувчилар учун қуйидаги қулайликларни яратиш режалаштирилган:
- тезлаштирилган паспорт ва божхона назоратининг алоҳида йўлаги;
- банк бўлими;
- она ва бола хоналари;
- намозхона;
- эркаклар ва аёллар учун алоҳида санитария узеллари;
- кафе ҳамда озиқ-овқат ва ичимликлар харид қилиш учун зона;
- VIP зал (юмшоқ ўриндиқлар, столлар, телевизор, Wi-Fi ва бошқалар);
- Жисмоний шахслар чегарани кесиб ўтишнинг белгиланган вақтидан олдин Fast Track учун аризани бекор қилишлари мумкин.
Чегарани кесиб ўтиш вақтига қадар электрон навбат бекор қилинганда, тўланган сумма ариза берувчининг кўрсатилган банк ҳисоб рақамига ёки картасига автоматик равишда қайтарилади.
Хизмат қаерда пайдо бўлади?
Биринчи босқичда 1 майдан бошлаб Fast Track хизмати мамлакатнинг 7 та ҳудудидаги 12 та назорат-ўтказиш пунктида тақдим этилади.
№ | Ўтказиш пункти жойлашган ҳудуд | Қўшни мамлакатлар | Божхона пости | Ўтказиш пункти |
1 | Қорақалпоғистон | Қозоғистон | Довут ота | Даут ата |
2 | Андижон вилояти | Қирғизистон | Дўстлик | Дўстлик |
3 | Бухоро вилояти | Туркманистон | Олот | Олот |
4 | Сирдарё вилояти | Қозоғистон | Сирдарё | Гулистон |
5 | Сурхондарё вилояти | Афғонистон | Айритом | Термиз |
6 | Сурхондарё вилояти | Тожикистон | Сариосиё | Сариосиё |
7 | Тошкент вилояти | Қозоғистон | Яллама | Яллама |
8 | Тошкент вилояти | Қозоғистон | С. Нажимов | Тошкент |
9 | Тошкент вилояти | Қозоғистон | Навоий | Зангиота |
10 | Тошкент вилояти | Қозоғистон | Ғишткўприк | Ғишткўприк |
11 | Тошкент вилояти | Тожикистон | Ойбек | Ойбек |
12 | Фарғона вилояти | Қирғизистон | Ўзбекистон | Ўзбекистон |