АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва Фаластин қочқинларига ёрдам бериш бўйича Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA)дан чиқиши тўғрисидаги фармонни имзолади, деб ёзмоқда Reuters. Трамп тегишли фармонга Нетаньяҳу билан учрашган кунида имзо чекди.
Бир йил муқаддам Жо Байден маъмурияти UNRWA`га Америка маблағларини ажратишни тўхтатишга қарор қилганди. Бунга ташкилот ходимлари ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумига алоқадорликда айблангани сабаб бўлган. Агентликнинг ёпилишини АҚШдаги Республикачилар партияси вакиллари бир неча бор талаб қилган.
2018 йилда ҳам, ўзининг биринчи президентлик муддатида, Трамп агентликни шубҳа остига қўйиб, UNRWA`ни молиялаштиришни тўхтатганди. АҚШ UNRWA`нинг асосий донори бўлиб, йилига 300−400 миллион доллар ажратиб келган.
UNRWA 1949 йилда 1948 йилги Араб-Исроил урушидан кейин кўчирилган юз минглаб фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш учун ташкил этилган. Агентликнинг вазифалари Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил, Ливан, Сурия ва Иорданиядаги фаластинликларга таълим, гуманитар ва тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат. Қўшма Штатлар, Германия ва Европа Иттифоқи агентлик учун энг йирик донорлар қаторига кирган.
Трамп, шунингдек, гарчи салоҳияти борлигини айтса-да, БМТни «яхши бошқарилмаётгани» учун танқид қилди: «Биз устида ишлаётган кўплаб можаролар ҳал қилиниши керак ёки ҳеч бўлмаганда уларни ҳал қилишда ёрдам беришимиз керак. Бу БМТнинг асосий мақсади бўлиши керак эди», — деди Трамп.
БМТ Трампнинг сўзларига қарши чиқди. Ташкилот бош котиби Антонио Гутерриш «самарадорлик ва инновацияларни ошириш учун кўплаб ислоҳотларни амалга оширишда тинимсиз меҳнат қилди», деди БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик.
Трамп 193 аъзодан иборат жаҳон ташкилотидан пул олмоқчи эмаслигини айтди, бироқ у Вашингтон номутаносиб миқдорда пул тўлашига тўғри келганидан шикоят қилди. Вашингтон БМТнинг энг йирик ҳиссадоридир.
Ўз навбатида, Трамп АҚШнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши билан алоқаларини тўхтатди. БМТнинг маданий агентлиги бўлмиш ЮНЕСКО ишини ҳам қайта кўриб чиқишни буюрди. 2006 йилдан 2018 йилгача Инсон ҳуқуқлари кенгаш Исроилни танқид қилувчи 70 дан ортиқ резолюция қабул қилган — бу Эронга қараганда 10 баравар кўп, деб таъкидлади Washington Post.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш — БМТ тизимидаги ҳукуматлараро орган бўлиб, унинг таркибига 47 та давлат киради. У 2006 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан «бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилишга кўмаклашиш» мақсадида ташкил этилган. Ўша пайтда АҚШ президенти кичик Жорж Буш эди, аммо мамлакат кенгашга 2009 йилга келиб — Барак Обама даврида қўшилган.