2024 йилда Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 896,3 триллион сўмга етди, дейилади президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботида.

Умумий даромад — аҳоли фаровонлиги даражасининг асосий кўрсаткичларидан бири. У нафақат меҳнат фаолияти ва мустақил иш билан бандликдан, балки мулкдан (фоизлар, дивидендлар, гонорарлар ва бошқалар) ҳамда трансфертлардан (пенсиялар, нафақалар, стипендиялар, пул ўтказмалари) олинган даромадлардан ҳам иборат бўлади. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган умумий даромад маълум бир ҳудудда (масалан, мамлакатда) аҳоли томонидан олинган умумий даромаднинг шу ҳудуд аҳолиси сонига нисбатидир. Бу ҳар бир фуқаронинг ўртача қанча даромад олишини баҳолаш ва турли минтақалар ёки мамлакатларнинг турмуш даражасини таққослаш имконини беради.

статистика, статистика агентлиги, аҳолининг умумий даромадлари, умумий даромад

Номинал кўринишда ўсиш 18,5% га, реал ўсиш суръати эса (инфляцияни ҳисобламаганда) 8,1% га етди. 2023 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 15% ва 4,6% ни ташкил этганди, яъни даромадларнинг ўсиш суръатлари яхшиланди.

Яхшиланиш аҳоли жами даромадларининг бир қисми сифатида якка тартибдаги бандликдан олинадиган даромадлар норасмий иқтисодиётни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши натижасида рўй берди, бу 26 триллион сўмга баҳоланди. Ушбу рақамларни ҳисобига 2023 йилда ЯИМ 1,19 квадриллион сўм ёки 101,6 миллиард долларгача (аввал — 1,06 квадриллион сўм ёки 86,1 миллиард доллар) ўсди. ЯИМ 2024 йил учун ҳам ошди.

Аҳоли жон бошига умумий даромадлар 16,1% (инфляция ҳисобига — 5,9%) — йилига 20 миллион сўмдан 24,1 миллион сўмгача (ойига 2 миллион сўм) ошди. Ўтган йилнинг шу даврида ўсиш 12,6% ва 2,4% ни ташкил қилган.

Аҳоли жон бошига ўртача номинал умумий даромадлар Тошкент шаҳрида ўртача республика кўрсаткичидан юқори бўлди. Пойтахтда у 44,4 миллион сўмдан 60,6 миллион сўмгача ўсди, Навоий вилоятида — 31,4 миллион сўмдан 38,1 миллион сўмгача, Бухоро вилоятида — 23,5 миллион сўмдан 27,5 миллион сўмгача, Тошкент вилоятида — 20,7 миллион сўмдан 25,1 миллион сўмгача.

2023 йил охирида Хоразм вилояти ҳам рўйхатда эди, аммо ўтган йили бу кўрсаткич (23,4 миллион сўм) республика бўйича ўртача даражадан пастроқ бўлди.

Энг паст кўрсаткичлар Наманган вилоятида (16,85 миллион сўм), Қорақалпоғистонда (16,86 миллион сўм) ва Сурхондарё вилоятида (17,88 миллион сўм) қайд этилди. Ўтган йилга нисбатан Қорақалпоғистон Наманган вилоятидан юқорироқ бўлди.

статистика, статистика агентлиги, аҳолининг умумий даромадлари, умумий даромад

Аҳоли жон бошига даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Тошкент шаҳри (+15,4%), Навоий (7,9%) ва Тошкент (6,4%) вилоятларида қайд этилди.

Сурхондарё, Наманган ва Фарғона вилоятларида аҳолининг реал даромадлари бироз ўсди — мос равишда 0,2%, 0,5% ва 1,1%.

Ҳудудлар ўртасидаги табақаланиш кучайди. Бир йил давомида энг бой учта ва энг камбағал учта ҳудуд орасидаги аҳоли жон бошига даромадлар фарқи 2,3 баравардан 2,4 баробаргача ошди. Таққослаш учун: 2020 йилда бу фарқ 2,15 бараварга тенг эди. Тошкент шаҳри ва энг камбағал минтақа (Наманган вилояти) ўртасидаги даромадлар фарқи 3,32 дан 3,6 баробаргача ошди.

Даромадлар тузилиши

Даромадлар таркибида меҳнат фаолияти улуши (ёлланма ишчилар ва ўзини банд қилганлар) 63,6% дан 62,8% га камайди. Ёлланма ишчиларнинг даромадлари 2023 йилдаги 16,4% га нисбатан 19%, ўзини банд қилганларники эса 17,5% га нисбатан 15,9% ошди.

Трансфертлар (пул ўтказмалари, нафақалар, пенсиялар, стипендиялар)дан олинган даромадлар улуши ҳам камайди — 26,5% дан 26% гача. Уларнинг номинал ўсиши 13,7% ни ташкил этди (инфляция билан — 3,9%).

статистика, статистика агентлиги, аҳолининг умумий даромадлари, умумий даромад

Аҳолининг умумий даромадларида хориждан келиб тушган пул ўтказмаларининг улуши 16,9% дан 16,5% га камайди. Пул ўтказмалари асосан Андижон (жами даромаддаги улуши — 27,6%), Фарғона (25,6%) ва Хоразм (22,8%) вилоятлари аҳолисига келиб тушяпти.