Шавкат Мирзиёев ва Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим 3 февраль куни Куала-Лумпур шаҳрида қўшма бизнес форумида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.
Тадбирда икки давлатнинг етакчи компаниялари, инвестиция ва банк-молия институтлари раҳбарлари, жами 200 дан ортиқ делегатлар қатнашди. Улар орасида Малайзиянинг Petronas, Proton, Gentari каби йирик компаниялари ҳам бор.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистон ва Малайзия муносабатлари янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. «Мақсадимиз — муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш», — деди у.
Бизнес форум давомида транспорт, логистика, савдо, энергетика, соғлиқни сақлаш, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қатор устувор йўналишлар белгилаб олинди. Шунингдек, ўзаро савдо ҳажмини каррасига ошириш ва имтиёзли савдо битимини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Икки давлат ўртасида электроника, газ-кимё саноати, «яшил» технологиялар ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва инновацион фармацевтика маҳсулотлари йўналишларида ҳам қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилади.
«Ақлли» қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш, органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва «ҳалол» стандартларини қўллаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон президенти Малайзия компанияларини мамлакатимиз ҳудудларида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва кенг кўламли бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этишга чақирди.
Тошкент вилоятида Малайзия компаниялари бошқарувида махсус иқтисодий зона ташкил этилиши маълум қилинди. Ўзбекистон раҳбари бизнес форумнинг навбатдаги босқичини шу йил кузда Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этди.