Тошкент шаҳри ҳокимлиги бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти ундириб оладиган бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари (патта) ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг янги миқдорларини жорий этиш ҳақидаги қарор лойиҳасини эълон қилди.

Ҳужжатда пойтахтдаги бир қанча бозорларда савдонинг қатор турларидаги патта нархини 29 фоизгача ошириш кўзда тутилган.

Мисол учун, янги нархларнинг миқдори 1 ўрин учун 1 кунга қуйидагича ўзгариши мумкин:

  • Ҳўл мевалар: олма, анор, нок, шафтоли, анжир, олхўри, гилос, кўк ва қизил султон, ўрик, узум, олча, қулупнай, малина ва ҳ. к. — 18 минг сўм (ҳозирги нарх 15 минг сўм);
  • Цитрус ва тропик мевалар (апельсин, мандарин, лимон, банан, ананас, киви ва шунга ўхшашлар) ҳамда чет элдан келтирилган (Марказий Осиё давлатларидан ташқари) бошқа ҳўл мевалар — 39 минг сўм (32 минг сўм);
  • Қуруқ мевалар: ёнғоқлар: туршак, баргак, майиз, ёнғоқ, ерёнғоқ, бодом, писталар, шўрданак ва ҳ. к. — 40 минг сўм (33 минг сўм);
  • Сабзавотлар: картошка, пиёз, карам, сабзи, саримсоқ, лавлаги, шолғом, булғор қалампири, бақлажон, патиссон, помидор, бодринг ва ҳ.к. ҳамда пиширилган жўхори — 11 минг сўм (10 минг сўм);
  • Сут маҳсулотлари: сут, қатиқ, қаймоқ, сметана, уй пишлоғи, сузма ва ҳ. к — 18 минг сўм (15 минг сўм);
  • Нон маҳсулотлари (оби нон, ширмой нон, лочира, катта-кичик ўлчамдаги ҳамда хар ҳил турдаги патирлар, завод ёки цехларда ишлаб чиқарилган қолипли нон ва нон-булочка маҳсулотларидан ташқари) — 11 минг сўм (10 минг сўм);
  • Гўшт маҳсулотлари: мол, қўй, чўчқа, парранда гўшти, жигар, думба ва ҳ. к. — 35 минг сўм (42 минг сўм);
  • Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини юк автомашиналарида сотиш — 75 минг сўм (61 минг сўм);
  • Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини енгил автомашиналарида сотиш — 56 минг сўм (45 минг сўм);
  • Автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар — 22 минг сўм (18 минг сўм);
  • Уй-рўзғор жиҳоз буюмлари ва кийим-кечаклар — 12 минг сўм (14 минг сўм);
  • Пойабзал таъмирлаш хизмати — 14 минг сўм (18 минг сўм).

Бошқа савдо ва хизмат кўрсатиш турлари нархлари билан батафсил бу ерда танишиш мумкин.