Ўзбекистондан ташқарига чиқиб 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида қайтиб келмаган фуқароларга пенсияни тўлаш вақтинча тўхтатиб турилади, дея хабар бермоқда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати.
«Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом»га мувофиқ, бунда вақтинча тўхтатилган пенсияни тўлаш пенсионер Ўзбекистонга қайтиб келгандан сўнг қайта тикланади.
Пенсия тўлаш, шунингдек, вафот этганда, пенсияга ҳуқуқлар йўқолганда, хорижий давлатдан пенсия (ижтимоий нафақа) олгани ҳолати аниқланганда ёки доимий яшаш учун хорижга чиқиб кетганида, озодликдан маҳрум этилганда (манзил-колонияларда жазони ўтаётган шахслар бундан мустасно) тўхтатилади.
Тайинланган пенсияни тўлаш қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам тўхтатиб турилади.
Фуқаро Ўзбекистонга қайтиб келгандан сўнг олинмай қолган ойлардаги пенсиясини 24 ойлигини олиш ҳуқуқига эга. Бунда пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги 24 ойдан ошмаган давр учун тўланади.
Пенсияга чиқиш вақти келганда муаммоларга учрамаслик, пенсия миқдори эса юқорироқ бўлиши учун фуқаролар қандай йўл тутиши кераклиги ҳақида бу ерда ўқиш мумкин.